Энди айрим турдаги тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ўтказилади
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 24 май куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Эътиборлиси, мазкур ҳужжат билан айрим турдаги тергов ҳаракатларини идеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби белгилаб берилди.
Хусусан, гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари (сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш) улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоят ёки туман (шаҳар) нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Видеоконференцалоқа жараёнида тергов ҳаракати иштирокчилари тергов ҳаракати жараёни ва натижаларини тўғридан-тўғри трансляция орқали бевосита кузатиб боради.
Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тўғрисидаги қарор суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан ўз ташаббуси билан ёхуд жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра қабул қилинади.
Қонунчиликка мувофиқ, шахснинг жиноят ишини тергов қилаётган органга ёки тергов ҳаракати ўтказилаётган жойга соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра бевосита келиш имконияти бўлмаганда, жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурати туғилганда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказилиши лозим бўлганда тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ўтказилади. Шунингдек, тергов ҳаракатини ўтказиш қийинлашиши ёки ортиқча харажатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида асосли сабаблар мавжуд бўлганда мазкур амалиёт қўлланилади.
Таъкидлаш жоиз, муайян тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд жиноят процессининг муайян иштирокчисини чақиртиришни ва тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни ташкил этишни сўраб суриштирув ва дастлабки тергов ҳаркатларини олиб бориш ваколатига эга бўлган органга топшириқ юборади. Тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш учун ахборот коммуникация соҳасида зарур малака ва билимга эга бўлган мутахассислар жалб қилиниши мумкин.
Тергов ҳаракатининг баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ва топшириқни бажарувчи мансабдор шахс томонидан тузилади. Видеоконференцалоқа материаллари баённомага қўшиб қўйилади.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд, топшириқни бажараётган мансабдор шахс ҳамда тергов ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан имзоланади. Топшириқни бажараётган мансабдор шахс томонидан тузилган баённома суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга юборилади.
Қонун билан вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчиларни сўроқ қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилди.
Яъни, эндиликда жинсий эркинликка қарши, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар савдосига оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш, агар буни одил судловнинг ёки вояга етмаган шахснинг манфаатлари талаб этса, стенография, видеокузатув, шунингдек аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хонада қонуний вакил, педагог ёки психолог иштирокида ўтказилиши мумкин. Зарур бўлган ҳолларда, ҳимоячи, вояга етмаган шахснинг қонуний вакили, педагог ёки психолог саволларни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг рухсати билан қайта тузиш ҳуқуқига эга, бунда саволларнинг моҳияти ўзгартирилмаслиги белгиланди.
Қонунчиликка киритилган бу ўзгартиришлар жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликарини таъминлашга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шерзод Тўхташев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter