Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ йирик партиядаги наркотик моддаларни аниқлади

ДХХ йирик партиядаги наркотик моддаларни аниқлади

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Тошлоқ туманида яшовчи, 2006 й.т. шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу манзилда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 27 кг. 573 гр. «гашиш» ва 3 кг. 967 гр. «опий» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро Қирғиз Республикасининг Ўш вилоятида истиқомат қилувчи, 1984 й.т. шахс билан ўзаро тил бириктириб, 1 кг. 806 гр. «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини харидорга 80 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйидан ҳам 2 кг. 698 гр. «Мефедрон» моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ушбу синтетик наркотик моддалар Қирғиз Републикасидан олиб келинган.

Бошқа ҳолатда эса Андижон туманида яшовчи, 1992 й.т. шахс бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига кирувчи 2800 дона «Регапен» ва 957 дона флаконда «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам сотиш мақсадида айланма йўллар орқали Қирғиз Републикасидан олиб келинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг