ДХХ икки амалдорни қўлга олди
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув насос қудуқларини электр тармоқларига улаш учун «техник шарт» бериш эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилиб, жорий йилнинг январ ойида 3 минг АҚШ доллари олади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бош муҳандис ўринбосари қолган 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 205 ва 209-моддалари билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.
Жиззах вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдо билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур шахс ҳам муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланганлигига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter