Дардинг бўлса ҳам қарзинг бўлмасин...
Аждодлар билиб айтган: дардинг бўлса ҳам қарзинг бўлмасин. Нега? Узрку-я, қўполроқ бўлсаям айтиш керак: дарддан ўлиб қутилиш мумкин, илло қарздан қутилиб бўлмайди. Эътиқодимизга кўра, банда омонатини топширар экан, бўйнидаги қарзини яқинлардан бири зиммасига олмагунча унинг жанозаси ўқилмайди. Шунинг ўзиёқ қарз адо этилмаса, унинг юки рўзи маҳшаргача таъқиб қилишини кўрсатмаяптими?
Бугун ўзаро «олди-берди»ларга оид низолар кўп. Жуда кўп... Кимдир иложсизликдан қарз кўтарса, кимдир аввалдан қайтармасликни қасд қилиб, бировдан пул олади. Иккинчи ҳолат фирибгарлик жиноятига тортиброқ туради. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам томонлар ўртадаги қарз муносабатларини тегишли хат-ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўймас экан, муаммо устига муаммо туғилаверади. Чунки, икки ўртада низо чиқса, борар маскан - суд идораси бўлади. Судларда эса масала қуруқ гапга эмас, хат-ҳужжат, яъниким, далилга қараб ҳал этилади. Акс ҳолда, қарздорга инсоф тилашдан бошқа чора қолмайди...
Юқоридаги мулоҳазалар асосан энди икки (ва ундан ортиқ) шасхлар ўртасидаги «олди-берди»ларга, юридик тилда айтсак, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низога тааллуқли. Шу ўринда очиқ айтиш керак, қарз муносабатларига оид суд ишлари таҳлили фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилишда қонун ҳужжатларини яна такомиллаштириш, айниқса, қарз шартномасидек муҳим ҳужжатларни нотариал тасдиқлашнинг муқобил вариантлар устида бош қотириш лозимлигини тақазо қилмоқда.
Бу энди алоҳида мавзу.
Гап қарздорлик, уларнинг ҳуқуқий тартиби ва ечими хусусида кетар экан, банк-мижоз ўртасидаги низолар хусусида ҳам тўхталмасликнинг иложи йўқ.
Банк-мижоз ўртасидаги низолар асосан кредит маблағларини вақтида қайтармасликдан келиб чиқиши маълум. Бу каби низолар кейинги пайтда бир мунча кўпайгани бор гап. Негаки, кейинги уч йил давомида фуқароларимизнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш мақсадида озмунча ишлар олиб борилмадими?! Илгари банкдан кредит олиш қанча машаққат эди. Эндиликда ҳеч бир монеликсиз, боз имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар ортиқча даҳмазаларсиз берилмоқда. Бироқ олинган кредит маблағларидан оқилона фойдаланишни ҳамма бирдек уддаламоқда дейишга тил бормайди.
2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва қарздорликни ундириш ҳақида 19.993 та иш кўрилган. Шундан 19.394 та ҳолатда мизож-кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш бўйича ойлик тўловлар тўланмаганлиги, огоҳлантириш ва кўрилган чоралар наф бермаганлиги аниқланиб, даъво қаноатлантирилган, жавобгарлардан жами 702 миллиарддан зиёд қарз суммасини банклар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. 1303 та ҳолатда қарздор тараф даъвони тан олиб, тўловларини амалга оширганлиги сабабли ишлар тугатилган, 3486 та ҳолатда тарафлар судгача ўзаро келишгани сабабли аризалар кўрмасдан қолдирилган.
Банк ва қарздор ўртасидаги кредит ундириш билан боғлиқ низолар Тошкент шаҳри (6069та), Фарғона (2179та), Сурхондарё (1457та), Андижон (1337та), Қашқадарё (1139та), Самарқанд (1245та), Жиззах (1057та) вилоятларида кўпайган.
Энг ачинарлиси шуки, кредит маблағи ишлатиб бўлинган, қайтариш имкони йўқ ҳолатлар ҳам кам эмас. Натижада шартнома шартидан келиб чиқиб, ундирув гаровга қўйилган мулкка қаратилади. Шундан кейин айрим қарздорлар «адолат йўқ, қарз берган банк айбдор, суд қарори ноқонуний», деб идорама-идора шикоят қилишга тушади. Майли, шикоят қилиш - ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи. Бироқ икки ўртада шартнома тузилиб, унга асосан муайян мулк гаровга қўйилган экан, қарздорлик сўндирилмагач, ундирув унга қаратилмай нимага қаратилсин?!
Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, айрим фуқаролар қариндоши ёки таниши банкдан кредит олишида ўз мулкини гаровга қўйган бўлиб чиқади. Ихтиёрий равишда, албатта. Бироқ қарздорлик сўндирилмагач, банк даъвосига кўра ундирув ўша мулкка қаратилганда «вой, мен билмабман, пулни мен олмаганман, яхшилик қилмоқчи эдим, холос», дейишга тушилади. Хўп, яхшилик қилмоқчи бўлибсиз, тушунарли, бунинг товонига нега бошқалар қолиши керак?! Бу жараёнда қарз берган банкнинг айби нима? Шартномада шарм йўқ, у тавалло ёки иддаоларни кўтармайди, қонун доирасида тузилиб, томонлар имзолабдими, унинг шартлари адо этилиши керак. Бошқа йўли йўқ. Чунки, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулки ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиб, гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятини бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни талаб қилишга ҳақли (ФК 264-модда).
Хулоса қилсак, юқорида айтилган гап ҳар қанақасига тўғри: дардинг бўлса ҳам қарзинг бўлмасин. Дардга чалинмаслик ҳам, қарзга ботмаслик ҳам ҳар кимнинг ўз қўлида. Бунинг учун жиндек қунт, жиндек қўним ва қонунчиликка ҳурмат ҳамда масъулият бўлса, кифоя.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter