Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Буз-буз»лар бўйича 1688та даъво иши тўхтатилди. Нега? Олий суд ойдинлик киритди

«Буз-буз»лар бўйича 1688та даъво иши тўхтатилди. Нега? Олий суд ойдинлик киритди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ер майдонларига ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва бошқа иншоотларни бузиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ижтимоий тармоқларда айтилаётган фикрларга муносабат билдирди.

Олий маҳкама матбуот хизматига кўра, ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилган бино-иморатларни бузиш боғлиқ ҳар бир иш суд томонидан қонуний кўриб чиқилади. Айни низо бўйича чиқарилган суд қарорлари кучда экан, тармоқларда айтилаётган фикрларга муносабат бидиришга кўпам эҳтиёж йўқ, аслида. Чунки, суд қарорлари муҳокама қилинмайди, балки белгиланган тартибда ижро этилиши шарт. Агар қарордан норози томонлар бўлса, марҳамат — шикоят беришига ҳеч қандай монелик йўқ.

Бироқ, тармоқларда билиб-билмай айтилаётган фикрлар судлар фаолиятига нисбатан жамоатчиликда нотўғри қарашлар пайдо қилиши эҳтимолидан келиб чиқиб, Олий суд мавжуд ҳолатлар бўйича муносабат билдиришни лозим топади.

Аввалига ер майдонига оид муносабатларнинг ҳуқуқий тартиблари ҳақида икки оғиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасидага кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер кодексининг 16-моддасига биноан, ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

Ер участкаларини бериш Ер кодексининг 23-моддасига асосан амалга оширилади. Унда ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади. 

Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ер кодексининг 27-моддаси талабига кўра, якка тартибда уйғжой қуриш учун ер участкалари кимошди савдоси асосида реализация қилинади.

Лекин, доим ҳам ушбу тартиб-тамойилга риоя қилиняпти, деб бўлмайди. Буни, қуйидаги статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Республикамиз ҳудудидаги жами ерларнинг атиги 20,2 млн. гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўлиб, унинг 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади.

Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар сезиларли камайган бўлиб, бу айрим шахслар томонидан ўз манфаатлари йўлида, қонунларга зид равишда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўрсатади.

Энди, яна қонун талабига мурожаат қиладиган бўлсак, Ер кодесининг 91-моддасига асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

2019 йил 25 ноябридан 2020 йил 3 июнига қадар бўлган давр мобайнида жойларда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланган ҳолатлари бўйича судларга киритилган 13.510 та даъво талаби асосида 10.115 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Шундан 8.111 та даъво талабини қаноатлантириш, ноқонуний қурилмаларни буздириш, бунинг натижасида жами 1130 гектардан зиёд экин майдонларини давлат эгалигига қайтариш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Кўрилган ишлар таҳлилидан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, қишлоқ хўжалиги экин ер майдонида қурилган девор, ёрдамчи бинолар, молхона, товуқхона, қурилиши энди бошланган иморатлар бузилиб, ер умумманфаатида давлат эгалигига, қишлоқ хўжалиги экинлари экин учун қайтарилганлигини кўриш мумкин.

Шу ўринда алоҳида қад қилиш керакки, судларга киритилган даъволарнинг 486 таси асоссиз деб топилиб, рад этилган, 646 таси бўйича иш юритиш тугатилган бўлса, 872 та даъво талаби кўрмасдан кодирилди. Айни рақамлар судлар гўёки «буз-буз»лар бўйича «пачкалаб қарор чиқараяпти» мазмунида айтилаётган гапларни тамомила рад қилади.

Олий суд матбуот хизмати алоҳида қайд этадики, қишлоқ жойларида ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни бузишга оид барча суд мажлислари карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда, жойига чиқиб, сайёр шаклда ўтказилмоқда. Ерни ноқонуний эгаллаган фуқароларга тушунтирилаётгани оқибатида, кўпчилик ўзларининг ноҳақликларини тушуниб, ихтиёрий равишда қурилмаларни бузиб олиб, ер майдонини қайтараётган ҳолатлар кўплаб учрайди. Буни бугунги кунда ушбу ишлар бўйича суд қарорларидан норозилик ҳақида юқори инстанция судларига шикоят келиб тушмаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Одамлар яшаб турган уйлар бузилаяпти, улар қаерда яшайди, мазмунидаги иддаолар ҳам нотўғри, бирон-бир асоссиз уй қуриб яшаб келаётганларнинг ҳам уйи бузилаётгани йўқ (айниқса карантин даврида!). Чунки, айни пайтда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонига қурилиб, одамлар яшаётган уй-иморатларни бузишга оид 1688 та даъво талабларини кўриб чиқиш Олий суд раҳбарияти ташаббуси билан тўхтатилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш, инсонлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш судларнинг доимий диққат эътиборида, шу маънода Олий суд раҳбарияти томонидан ҳам ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар билан боғлиқ масалалар жойига чиқиб ўрганилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг