Бухорода хотинини шафқатсизларча ўлдирган эркак 15 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 22 йил давомида турмуш ўртоғининг зўравонлиги ва тазйиқи остида умр кечириб келган аёлга икки маротаба «Ҳимоя ордери» берилган бўлган.
Қоракўл туманидаги Мирзақалъа қишлоғида 1975 йилда туғилган фуқаро Б.Б. шу қишлоқда яшовчи З.Ҳ. билан 2000 йилда турмуш қурган. Уларнинг 3 нафар фарзандлари бўлиб, оилада ўзаро жанжал ва келишмовчиликлар чиқиб турган. Маҳалла фаоллари, ҳудуд инспекторларининг жуда кўп маротаба огоҳлантиришига қарамай, Б.Б. хотини З.Ҳ.га доимий зулм ва тазйиқлар ўтказиб келган. Ўртада уч нафар фарзанди борлиги учун З.Ҳ. сабр ва чидам билан яшашга мажбур бўлган. Бироқ, 2022 йилнинг ноябрь ойида аёл турмуш ўртоғининг хонадонини тарк этиб, болаларини ҳам ўзи билан олиб, ота уйига қайтган. Расман ажрашиб кетишмаган бўлишса-да, Б.Б. хотинини қаерда учратса, куч ишлатиб, уриб, сўкиб келган.
Шундан сўнг З.Ҳ.га ўз ҳуқуқларининг ҳимояланиши учун 2023 йилда икки маротаба «Ҳимоя ордери» берилган.
«Ҳимоя ордеринг сенга нима берарди?! Ҳуқуқларинг билан бирга ерга кўмаман сени!» — дея пўписаланиб келишда давом этаверган Б.Б.
Орадан бир неча ой ўтгач, ёз кунларининг бирида Б.Б. хотини ва болалари яшаб келаётган ҳовлига борган. Бироқ, хотинининг опаси К.Ҳ.нинг уйига меҳмонга кетганини сўраб олган ва кечки пайтда ўша манзилга борган. Бу пайтда хотинининг опаси, поччаси ҳамда болалари ҳовлида юришган бўлган. Б.Б. хотини З.Ҳ.ни чақириб олган ва ундан никоҳ гувоҳномасини беришини талаб қилган.
З.Ҳ. эса никоҳ гувоҳномаси нусхаси ҳудуд инспекторида эканини, асл нусхасини эса ёқиб юборганини айтган. Эридан бу ерга бошқа қайтиб келмаслигини, жалжал кўтарса, ички ишларга мурожаат қилишини билдирган. Бундан жаҳлланган Б.Б. хотини З.Ҳ.ни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. Девор четида ётган салкам 2 метрли қалин ёғоч бўлагини олиб, унинг ортидан қувган. З.Ҳ. қўрқиб қочган ва кутилмаганда депсиниб тушиб, ерга йиқилган. Бу пайтда Б.Б. қўлидаги ёғоч таёқ билан З.Ҳ.ни уч нафар фарзандлари кўз олдида аёвсиз калтаклаган.
Болаларнинг «ёрдам беринглар, отам онамни уриб ўлдиряпти!» — деган бақир-чақирларини эшитиб, ҳолат жойига З.Ҳ.нинг опаси ва поччаси етиб келишган. Поччаси куч ишлатиб, Б.Б.нинг қўлидаги ёғоч таёқни олган ва ҳолатдан улар саросимага тушиб қолишган. Б.Б. эса воқеа жойидан қочиб кетишга улгурган.
З.Ҳ.нинг бош қисмининг чап томон кўз, юз, бурун ва жағ соҳаларига бир неча маротаба ҳаёти учун хавфли бўлган жароҳатлар етказган. Танасининг турли соҳаларига ўта шафқатсизлик билан бир неча маротаба уриб, қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилган.
Тез тиббий ёрдам ходимлари келиб, З.Ҳ.нинг вафот этгани юзасидан кўрсатув беришган.
«Ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирган Б.Б.га нисабатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, 97-моддаси, 2-қисмининг «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга шу модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Б.Б. тайинланган жазони умумий колонияларда ўтайдиган бўлди»,—дейди Бобораҳим Очилов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter