Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ушланган Мудофаа ишлари бўлими ходимига суд ҳукми ўқилди

Бухорода ушланган Мудофаа ишлари бўлими ходимига суд ҳукми ўқилди

Фото: «Xabar.uz»

Бухорода ўз хизмат ваколатини суистеъмол қилиб, фуқародан пора ундираётган пайтда қўлга олинган Мудофаа ишлари бўлими ходимига суд ҳукми билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га жиноят ишлари бўйича Бухоро  шаҳар суди судьяси Нодир Ашуров маълум қилди.

Суд ҳужжатларига кўра, 1994 йилда туғилган Ш.Р. Бухоро шаҳар Мудофа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган. Ш.Р. фуқаро Қ.Ҳ.нинг ишончига кириб, ваколатли танишлари орқали 100 АҚШ доллари эвазига хорижга чиқиш биометрик паспортини тез муддатда олиб беришни ваъда қилган. Уни алдаб, пора беришга далолат қилиб, Бухоро шаҳар Мудофа ишлари бўлими маъмурий биноси олдида Ҳ.Қ.дан  100 АҚШ долларини олган вақтда ушланган.

Судда Ш.Р. айбига қисман иқрорлик билдириб, фуқаро Ҳ.Қ. билан ҳарбий хизматни ўтамаган чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга ёки сафарбарлик чақирув резерви хизматига жалб қилиш пайтида танишгани, хорижга чиқиш биометрик паспорти олишига маслаҳат сўраганида, унга ёрдам беришга розилигини билдирган. Ҳ.Қ.га Бухоро вилояти Миграция ва фукароликни расмийлаштириш бошқармасига бориб, расмга тушиб, тўловини қилиб паспорт олиш мумкинлигини айтган. Бир неча кундан кейин Ҳ.Қ.нинг паспорти тайёр бўлган ва у паспортини олган.  Ш.Р. эса фуқаро Ҳ.Қ.га хизмат ҳақи сифатида 100 АҚШ доллари бериши лозимлигини эслатган.

«Арзимаган пул эвазига ўз лавозимини суистеъмол қилган шахс «хизмати ҳақи»ни олаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. Суд-тергов жараёнида Ш.Р. ўзига унча яқин бўлмаган таниши Ҳ.Қ. даъвосидан кечиши учун ундан пул беришни талаб қилганини, лекин унга бошқа пул бермаганини, қилмишидан пушаймонлигини, қармоғида ногиронлиги бўлган ота-онаси борлиги ва ўзи оилада ягона боқувчи эканини билдириб, суддан ўзига қонуний енгиллик беришни сўради», — деди судья.

Суд ҳукмига кўра, Ш.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25- ( Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 168-(Фирибгарлик) ҳамда 28- (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211- (Пора бериш) моддасининг турли қисмлари билан айбли, деб топилган. У бир йил муддатга Мудофаа ишлари бўлимларининг чақирув бўлинмаларида ҳамда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

«Ҳали уйланмаган, олий маълумотли Ш.Р. ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан жазо олди. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 6:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланди», — деди судья.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг