Бош прокурор Фарғонада. Уч кунда 34 та жиноят фош этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев шу кунларда Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича мутасаддилар олдига муҳим ва ўта долзарб вазифаларни қўйганди. Мазкур вазифалар ижросини бевосита жойларга чиққан ҳолда таъминлаш мақсадида Ниғматилла Йўлдошев водийга йўл олди.
Бош прокурор вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб, криминоген вазиятни бевосита ўрганмоқда, масъул тузилмалар мутасаддиларини жалб этган ҳолда ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни келтириб чиқараётган омиллар, сабаб ва шароитларни таҳлил қилмоқда.
Жиноятчиликни жиловлаш бўйича тезкор равишда кўрилаётган чора-тадбирларнинг бир кунлик ёки мавсумий бўлиб қолмаслиги учун жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти танқидий таҳлил этилиб, ҳудудларда барқарорлик ва осойишталикни бардавом таъминлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилмоқда.
Кўрилаётган чоралар натижасида қисқа муддатда муайян натижаларга эришилгани ҳам айтилади.
Жумладан, Бош прокурор назорати остида уч кунда, вилоятда 34 та илгари очилмаган жиноятлар фош этилди, қидирувдаги 14 нафар шахс ушланди, бедарак йўқолганлар оиласи бағрига қайтарилди.
Жиноятларни фош этиш ва жиноятчиларни ижтимоий хавфли қилмишларни содир этишдан қайтариш мақсадида савдо шохобчалари, кўча ва майдонларга 350 дан зиёд кузатув камералари ўрнатилди.
Маълумки, кейинги статистик маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида содир этилган тан жароҳати етказиш билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг 35 фоизи ўткир кесувчи жисмлардан фойдаланиб содир этилган. Шу боис, ҳудудда «Тиғ» тадбирлари ўтказилиб, фуқаролардан 800 дан ортиқ ўткир кесувчи жисмлар олиб қўйилди, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Жиноятчиликка қарши самарали кураш кўп жиҳатдан муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирларни ўтказиб боришга ҳам боғлиқ. Бинобарин, шундай тадбирлар доирасида илгари судланган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил қарийб 20 нафар шахс маъмурий назоратга олинди, тузалиш йўлига кирмаган 2 нафар назоратдаги шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Суд ишларининг таъсирчанлигини ошириш, одамларда жиноят учун жазо муқаррарлиги ҳақида қатъий ишонч уйғотиш мақсадида 40 дан зиёд сайёр суд мажлислари ўтказилди.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятида энг кўп жиноят содир этилганлиги қайд этилган 252 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 4 та сектор раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Миллий гвардия органлари бошлиқлари шахсан бириктирилди.
Бош прокурор томонидан маҳаллаларда ўтказилаётган ўрганиш ва таҳлиллар натижалари профилактика инспекторлари, маҳалла раислари, сектор раҳбарлари, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокида таъсирчан тарзда муҳокама этиб борилмоқда, жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган чоралар жойида белгилаб берилмоқда.
Қайд этилишча, бундай амалиётни мунтазам равишда барча ҳудудларда ўтказиб бориш назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter