Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боғчаларга қабул жараёнида коррупциянинг олдини олиш мумкинми?

Боғчаларга қабул жараёнида коррупциянинг олдини олиш мумкинми?

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёнини мукаммаллаштириш бўйича тавсиялар муҳокама қилинди. Мазкур тавсиялар мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёнини соддалаштиришга, коррупцияга имкон қолдирмасликка ҳамда фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган.

Лойиҳа муаллифлари давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёнининг мавжуд ҳолатини таҳлил қилиб, бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали бўш жойга йўлланма олиш учун 16 та босқичдан ўтилиши аниқланди. Бу жараёнда электрон рақамли имзо сотиб олиш мажбурияти, бўш жойлар ҳақида маълумотларнинг ўз вақтида янгиланмаслиги ва ҳақиқатга мос эмаслиги, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона Портал) ва OpenEMIS ахборот тизими ўртасидаги тафовутнинг мавжудлиги аҳоли томонидан норозиликка олиб келган. Бундан ташқари, аризачилар навбат келган-келмаганини билиш учун бир неча маротаба Давлат хизматлари марказига бориб келишларига тўғри келмоқда.

— Меъёрий-ҳуқуқий базадаги айрим камчиликларни бартараф этилмаса, муаммо ҳал бўлмайди, — дейди лойиҳа муаллифи Бунёд Хошимхўжаев. — Инсон омили яъни, туман мактабгача таълим бўлимлари масъул ходимларининг йўлланма беришидаги иштирокига буткул чек қўйиш керак. Боғчаларда АКТнинг қисман қўлланилиши, муассасага қабул қилинган ва у ердан кетган болалар ҳақидаги маълумотлар базасининг йўқлиги, ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилмагани ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда.

Лойиҳа муаллифлари болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлашни янада мукаммаллаштириш мақсадида электрон рақамли имзо олишни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёнида имтиёзлардан фойдаланувчиларнинг турини камайтириш лозимлигига ҳам алоҳида урғу берилди. Бунда фақатгина ижтимоий ҳимоясиз аҳоли қатламларигагина бундай имтиёзларни сақлаб қолиш зарурлиги қайд этилди.

Тизимни мукаммал ишлаши учун фақат ташкилий жиҳатларга эмас, балки қабулга йўлланма бериш жараёнининг техник томонига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Бунда OpenEMIS тизими ва бу тизимнинг Ягона Портал билан мувофиқлаштириш устида дастурчилар ишлаши талаб этилади. Бундан ташқари, ФҲДЁ маълумотлар базасидан бола тўғрисида аниқ маълумотлар олиш имкони яратилиши керак. Шунингдек, аризачилар давлат хизматлари марказларига бетиним қатнашларини олдини олиш учун боғчага навбатнинг ҳолатини СМС-хабар жўнатиш орқали билиш имкониятига эга бўлишлари лозим.

Битта аризачи тўрттагача мактабгача таълим муассасасига навбат туришига шароит яратилиши ҳам муаммонинг анчайин тез ҳал этилишига кўмак беради. Бунда дейлик биттаси асосий, қолганлари қўшимча имконият сифатида кўрилади.

Шундай қилиб, мактабгача таълим муассасаларига йўлланма олиш тартибини такомиллаштириш орқали Давлат хизматлари марказига бориш сони 6 тадан 2-3 тага қисқаради, йўлланма олиш босқичлари камайиб, ҳужжатларни тўлдириш соддалашади, автоматлаштириш жараёнининг мукаммаллаштирилиши, ўз навбатида коррупция ҳолатларининг олдини олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг