Битта фирма 699 нафар фермерни алдади
«Олмоқнинг бермоғи, емоқнинг қусмоғи бор», дейди халқимиз. Гарчи бу йил об-ҳаво ноқулай келиб, жойларда сув тақчиллиги яққол сезилган бўлса-да, умумий шароитдан келиб чиқиб, ердан бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имкониятини қўлдан бой бермаслик чоралари кўрилди. Хусусан, ғалла саранжомланиб олинганидан кейинги қарийб 4 ойлик иссиқ ва ҳароратли кунлар такрорий экин учун айни муддао экани ҳисобга олинди.
Юқорида айтганимиздай, ноқулай об-ҳаво Қашқадарё вилоятида такрорий экинлар учун бу йил режалаштирилган 35 минг 300 гектар майдонни 5 минг гектар этиб қисқартиришни тақозо этди. Бу кўрсаткич ўтган йил билан қиёслаганда 20 баравар кам экани ҳолда, мақбул экинлар сифатида сувсизликка чидамлилигидан келиб чиқиб мош, карам ва сабзи қаторида картошка ҳам танланди.
Хўш, бунинг юқоридаги нақлга қандай дахли бор, дерсиз. Гап шундаки, Қамаши, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Китоб туманларидаги 1231 та фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида картошка экишга аҳд қилишган. Уруғлик эса четдан олиб келиниши кўзда тутилган. Шу мақсадда Наманган вилоятидаги «ХХХ agro» МЧЖ билан ғалла ҳали пишиб улгурмай, 2018 йилнинг апрель ойида жами 11 млрд. 798 млн. сўмлик шартномалар имзоланган.
Талаб этиладиган 1567 тонна уруғлик картошка харид қилиш учун бир қатор тижорат банклари фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар таклиф этаркан, фермерлар ҳам қулай имкониятни қўлдан бой бергиси келмай шартномага асосан 100 фоиз олдиндан тўлов шаклида «ХХХ agro» МЧЖ ҳисоб рақамига келишилган маблағни ўтказиб беришган.
«Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним», деганларидек, шартномада кўрсатилган уруғлик картошка шу йилнинг 15 июнига қадар етказиб берилиши керак бўлса-да, «ХХХ agro» МЧЖ томонидан шу кунга қадар 699 та фермер хўжалигига 887 тонна 6 млрд. 622 млн. сўмлик уруғлик картошка етказиб берилмасдан, шунча маблағ ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган. Бу пулни-ку ундириш чоралари топилади, бироқ «қусмоғи» тайин бу «емоқ»нинг оқибатида вилоятдаги 296 гектар ер майдонга картошка экилмасдан қолган. Расмий тил билан айтганда, давлатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши соҳасидаги сиёсатига салбий таъсир кўрсатилиб, фермер хўжаликларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар ҳамда жиддий зиён етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги инспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан «ХХХ agro» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун вилоят прокуратурасига юборилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter