Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта алиментни икки шахсдан ундириш мумкинми? МИБ масъули изоҳ берди

Битта алиментни икки шахсдан ундириш мумкинми? МИБ масъули изоҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда онасининг пенсиясига тақиқ қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган эркак алиментдан бўлган 10 млн. сўмдан ошиқ қарзни тўлаб бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Мазкур хабарнинг иккита нуқтаси кўпчиликда савол туғдирган бўлса, эҳтимол. Аввало, пенсияга тақиқ қўйилиши ўйлантиради: ахир яқиндагина МИБ мутасаддилари келаси йилнинг 1 июлигача фуқароларнинг ҳисоб-рақамига тақиқ қўйилмаслигини баланд пардаларда эълон қилмадими?

Иккинчидан, нега алимент болаларнинг отасидан эмас, балки бувисидан ундирилмоқда?   

Дарҳол Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов билан боғландик. Оммавий ахборот воситаларида тизимга доир «калтаклар»нинг бир учи бошида синаверишига анча кўникиб қолган Ф.Тошпўлатов ҳолатга (бир «уфф» тортволиб) босиқлик билан изоҳ беришга ҳаракат қилди:

— Тўғри, келаси йилнинг 1 июлигача фуқароларнинг ҳисоб-рақамига (пластик карталарига) тақиқ қўйилишига мораторий эълон қилинган. Бу тартиб аслида дастлаб, коммунал тўловлардан қарзи бор фуқароларга татбиқ этилмаслиги маълум қилинган эди. Шундаям бу борада суд қарори бўлмаса! Энди бу амалиёт суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижроси бўйича ҳам қўлланилади. Демак, эълон қилинган мораторий коммунал тўловлар, суд ва бошқа органлар қарорлари учун бирдек тааллуқли.

Бирорта ҳуқуқий ҳужжатсиз бир фуқаронинг алимент тўлови иккинчидан ундирилмайди. Қонунчиликка кўра, суд қарорида кўрсатилган қарздордан алимент тўловларини ундириш ҳаракатлари олиб борилади,  бунда унинг яқин қариндошлари, ота-онасининг ёки бошқа шахсларнинг иш ҳақи, (пенсия) ёки бошқа даромадларига қаратилмайди (Оила кодексининг 130-моддасига кўра, агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилиши каби меъёрлар бундан мустасно).

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда ҳолат бироз бошқача талқин қилинмоқда. Фуқаролик ишлари  бўйича суднинг 12.12.2014 йилдаги буйруғига асосан Ю.Назировдан ундирувчи К.Омонова фойдасига 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун  маълум миқдорда алимент ундириш белгиланган эди. Ушбу ижро  ҳужжати собиқ суд ижрочиларининг Яккабоғ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва қарздорнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Кейинчалик, суднинг 14.07.2005 йилдаги қарорига асосан қарздорга қўйилган чеклов бекор қилинган.

Бундан ташқари 14.06.2016 йилдаги яна бир суд жараёни бўлиб, унда қарздор Ю.Назировнинг алимент миқдорини камайтириш тўғрисидаги даъво ариза қаноатлантирилган. Қарздор 2017 йил январидан кейин алимент тўловларини амалга оширишни тўхтатган. Шу сабаб давлат ижрочиси алиментни ундириш чораларини кўриш жараёнида уни излаб уйига боради. Қарздор ўз манзилида йўқлиги аниқлангач, унга нисбатан 07.12.2017 йилда қидирув эълон қилишдан бошқа чораси қолмайди.

Воқеанинг қизиқ жиҳати бу орада Ю.Назировнинг биринчи турмуш ўртоғи К.Омонова судга мурожаат қилиб, алимент пулларини ундиришни сўрайди. Шунга кўра, ФИБ Яккабоғ туманлараро судининг 18.07.2019 йилдаги суд буйруғига асосан  С.Назировадан (қарздор Ю.Назировнинг онаси) К.Омонова фойдасига 2 нафар фарзанди фойдасига 1/3 миқдорида алимент (Оила Кодексининг 123-моддасига асосан) тўлаш белгиланади. Ўз навбатида, Суднинг ушбу қарорига асосан қарздор С.Назирова МИБнинг Яккабоғ туман бўлимига чақиртирилиб, ходимлар унга алимент пулларини тўлаши лозимлигини, акс ундирув ҳолда иш-ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилиши мумкинлигини тушунтирилади.

Кўринадики, МИБ ходимлари ҳеч қандай қонуний асосларсиз қарздорнинг онасидан  набиралари учун алимент тўлаш талабини қўйишгани йўқ. Суд ҳужжати тўғрими-нотўғрими, у МИБга келиб тушгач, ижро этилиши шарт. МИБда суд қарори муҳокама этилмайди.

Ҳозирда қарздор Ю.Назировнинг онаси С.Назировадан алиментни ундириш ҳақидаги суд буйруғи бекор қилинган. Алиментдан қарздорлик масаласи ҳам бартараф этилган.

Ниҳоят, асосий саволга келсак: собиқ келин учун ҳам эри ҳам, қайнонаси алимент тўлаши мумкинми?

Демак, мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг