Бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда
Президент томонидан 15.11.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-878-сон Қонун имзоланди. Бу ҳақда «Норма» хабар бермоқда.
Фуқаролик кодексига географик кўрсаткичлар ҳам интеллектуал мулк объектлари ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.
Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд ўтказганлик, ишларни бажарганлик ёки хизматларни кўрсатганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин (муқаддам фақат жарима, мажбурий жамоат ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари).
Ушбу ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса ёхуд:
- жуда кўп миқдорда;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Худди шу ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 3 йилдан 7 йилгача).
Ушбу ҳаракатлар:
- одамлар ўлимига;
- бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 7 йилдан 10 йилгача).
Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришларга кўра:
- санитария қонунчилигини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади (илгари тегишинча БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача ва 5 дан 10 бараваригача);
- ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик учун фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (илгари БҲМнинг ½ бараваригача), мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (илгари БҲМнинг ½ бараваридан 2 бараваригача) жарима белгиланмоқда.
Шунингдек қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланмоқда:
- ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда чекловчи тадбирлар (карантин) қоидаларини бузиш, шунингдек ҳайвонларнинг бир вақтнинг ўзида оммавий касалланиши ёки тўсатдан нобуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат ветеринария назорати органларидан яшириш, уларга хабар бермаслик (БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима);
- ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини ҳамда уларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш қоидаларини бузиш (ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади).
Шунингдек, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жарима миқдорлари оширилмоқда.
Қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги лицензия ёки рухсат берувчи ҳужжатни беришда рад этишга асос бўлади.
Жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса лицензия ва рухсат берувчи ҳужжат бекор қилинади.
Пиво (пиво ичимликлари) билан улгуржи савдо қилишга, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана ва улгуржи савдо қилишга доир фаолиятни амалга ошириш учун хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.02.2024 йилдан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter