Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ахлоқсиз эркак «Ёр-ёр»да чиққан аёлни йўлдан урди ва қотилга айланди

Ахлоқсиз эркак «Ёр-ёр»да чиққан аёлни йўлдан урди ва қотилга айланди

«Ёр-ёр» кўрсатуви орқали қашқадарёлик аёл билан танишиб, уни ўлдирган бухоролик эркак 13 йилга қамалди.

Таъкидланишича, воқеа жорий йилнинг 28 февраль куни содир бўлган. Қотиллик Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани судида кўриб чиқилган.

Воқеага кўра, 2021 йилда турмуш ўртоғидан ажрашган 35 ёшли С.М. оила қуриш мақсадида «ЗўрТВ» телеканалида эфирга узатиладиган «Ёр-ёр» кўрсатувида чиқиш қилган. У ақлли ва ўзини тушунадиган эркак билан оила қуриш истаги борлигини билдирган. Кўрсатувдаги чиқишдан сўнг С.М.га Бухоро вилояти, Жондор туманида яшовчи 36 ёшли фуқаро С.Э. қўнғироқ қилиб, у билан танишган ва кўришиб, бир-бирига маъқул келишса, турмуш қуришларини айтган.

Аёл бунга рози бўлган ва С.Э. билан танишиш учун уни Ғузор туманига таклиф қилган. Улар кўришишган ва ўзаро танишишган. С.Э. ҳамда С.М. ўртасидаги ўзаро сўзлашув ишқий муносабатга айланиб кетган. Ғузорга тез-тез қатнашни бошлаган эркак С.М. билан унинг синглисининг уйида учрашиб юрган. Бироқ, оила қуриш ҳақида сўз ҳам очмаган С.Э.ни аёл қистовга олган ва тўйдан дарак бермаётганидан шикоят қилган. Охир-оқибат аёл ва эркак ўртасида жанжал келиб чиққан. С.Э. аёлга тан жароҳати етказиб, уни  ҳушсиз ҳолга келгунча дўппослаган, тепган ва калтаклаган. Сўнгра ҳушсиз танани синглиси яшайдиган ҳовлидаги қудуққа ташлаб юборган.

Воқеанинг эртаси куни қудуқдан жасад топилгани ҳақидаги машъум хабар ҳақида ички ишлар идораларига маълум қилинган.

Ғузор туман прокурори Баҳодир Эркаевнинг айтишича, марҳуманинг жасади қудуқдан чиқариб олинган.

«Жасаднинг бўйин қисмида сиртмоқ излари бўлиб, истисно тариқасида ўлдирилгани аниқланди. Марҳуманинг жасади ҳовлидаги чуқурлиги 2,5 метрлик қудуқдан чиқариб олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди», — деди Баҳодир Эркаев.

Қайд этилишича, гумондор аёл ҳушсиз ҳолатга келтиргач, унинг  бўйнига сиртмоқ тортган ва бўғган. Сўнгра эса уни ўлди, деган ўйда қудуққа ташлаб юбориб, ўлимига сабабчи бўлган. 

Тергов-суриштирув ишлари давомида С.М. билан ишқий муносабатда бўлиб юрган ва гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган С.Э. аввалига ўзини сипо тутган ва айби йўқлигини айтишга уринган. Бироқ, унинг кирдикорлари фош этилган. Ва қотиллик билан боғлиқ иш Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўриб чиқилган.

Жондор тумани, «Демун» маҳалласи фаолининг «Xabar.uz»га билдиришича, фуқаро С.Э. ўз турмуш ўртоғи билан бир йил яшаб-яшамай ажрашган. Уни сурункали калтаклаб, дўппослаб келган.

«Бундан ташқари, ўзи яшайдиган маҳаллада ҳам жуда кўплаб аёлларнинг турмушига даҳл қилиб келган. Ахлоқ ва тарбияда ноқобил эди. Бир нечта оилали аёлга зўравонлик қилмоқчи бўлганда, қишлоқ эркаклари томонидан дўппосланди ҳам. Ҳатто, уни қишлоқдан ҳайдаб юбормоқчи бўлиб туришганди», — деди маҳалла фаоли.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг