«Асакабанк» & «Xabar.uz»: ахборотга ойдинлик киритилди, ортиқча тафсилот шарт эмас
Сайтимизда АТБ «Асакабанк» Андижон филиали собиқ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганига оид хабар чиққанидан кўпчилик воқиф. Бир мавзуда икки бор чиқиш қилингани сабабиям маълум. Кетма-кет чиқишлардан сайт ва банк ўртасида қандайдир тушунмовчилик юз бергандек туюлиши мумкин. Бироқ ортиқча ваҳимага ўрин йўқ: банк ўз имижини ҳимоя қилаётган бўлса, сайт ҳам шу мақомда турибди.
Бир қарашда мунозараларга ўрин йўқдек. Банк Андижон филиали собиқ мутасаддиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақиқатми? Ҳа! Жиноят иши прокуратура томонидан қўзғатилгани-чи? Рост! Бунга эълон қилинган хабар Бош прокуратура маълумотларига асосан тайёрлангани қўшимча қилинса, ортиқча гап-сўзларга ҳожат қолмайди.
Хўш, унда муаммо нимада?
Бугун ҳам биз билан айни масалада боғланган Хуршидабону Назарова («Асакабанк» матбуот хизмати раҳбари) собиқ ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини инкор этмади. Бироқ жиноят иши айнан банк Андижон филиали масъулларининг мурожаатидан сўнг қўзғатилганини қайта-қайта таъкидлаб, иккинчи хабардаги «жиноят иши кимнинг мурожаатига асосан қўзғатилгани кўпам аҳамиятсиз, муҳими – «дело» кимларга нисбатан қўзғатилганида!» деган жумлалар баҳсли эканига урғу берди: «Қизиқ, нега энди аҳамиятсиз бўларкан? Банкнинг ўзи мурожаат қилмаганда, жиноят иши ҳам очилмас эди. Жабр кўрган – банк, даъво қўзғатган – банк, ахир?!». Ўз навбатида «банкнинг жабр кўришига ўз ходимлари сабабчи бўлмадими?» деган саволга «раҳбарият тизимни нопок ходимлардан тозалаш учун ҳам шундай чора қўллашга мажбур бўлмоқда», деган жавоб олдик.
Яна бир гап. Тадбиркор томонидан ўзлаштирилгани, бунга собиқ банк ходимлари томонидан жинояткорона муносабатда бўлингани айтилаётган кредит маблағлари «Асакабанк»нинг «Фарҳод» филиалидан берилган. Мазкур филиал Андижон вилоятида жойлашган. Яъниким, банкнинг Андижонда иккита филиали бўлиб, уларнинг бири – «Фарҳод» филиали 2019 йилнинг сентябрь ойида ёпилган. Эълон қилинган хабарда «Андижон филиали», дея ёзилиши эса мазкур филиал «Фарҳод»даги машмашларга алоқадордек тасаввур уйғотади кўпчиликда. Аслида бундай эмас.
Инсоф юзасидан айтиладиган бўлса, эътирознинг айни иккита нуқтасида жон бор. Демак, эълон қилинган хабарлар ҳақиқатдан йироқ бўлмаса-да, турлича талқинларга сабаб бўлиши, бу талқинлар эса «Асакабанк» мавқеига соя солиши эҳтимолини юзага келтириши мумкин экан.
Хўп, нима қилмоқ керак?
– Эълон қилинган хабарларга аниқлик киритиш лозим, шунинг учун куйиб-пишяпман-да, – деди банк матбуот хизмати раҳбари.
Мана, аниқлик киритдик.
Бошқа тафсилотлар шарт эмас ҳозирча. Чунки, айни пайтда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ортиқча тафсилотлар терговга таъсир ўтказибгина қолмай, «Айбсизлик презумпцияси» тамойилига ҳам зид келиши мумкин.
...Вирус деган балодан омонда бўлайлик!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter