Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Асакабанк» ойни этак билан ёпмоқчими?

«Асакабанк» ойни этак билан ёпмоқчими?

Фото: Xabar.uz

Бугунги оғир ва синовли пайтда бировга таъна ёки иддао қилишга ҳижолат бўласан, киши. Бироқ ҳаёт давом этмоқда. Демак, ўринсиз истиҳолаларни нари суриб, ҳар ким ўз иши келган жойидан давом эттиравергани маъқул.

Муддаога ўтамиз.

Уч кун бурун сайтимизда АТБ «Асака банк» Андижон филиали собиқ бошқарувчиси ва мазкур филиал кредит бўлимининг аввалги бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабари берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотлари асосида тайёрланган мазкур хабарда банк филиали масъуллари бир тадбиркорга ажратилган 2.960.000.000 сўм кредит маблағлари мақсадли сарфланмай ўзлаштирилиб юборилишига сабабчи бўлишгани ортидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани айтилади. Шу, холос. Зеро, бундан бошқа гап ортиқча: жиноят иши энди қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, банк филиали собиқ мутасаддиларига эълон қилган айбловлар масаласида фақат суддан кейингина бир нима дейиш мумкин.

Кеча айни хабарга нисбатан АТБ «Асакабанк» муносабат билдирибди. Кафтдеккина ва анча ҳуқуқий саводсизлик билан ёзилган муносабатда банк ўзини оқлашга ҳаракат қилгани яққол кўринади. Яъниким, кредит шартномаси қачон ва қайси хўжалик юритувчи субъект билан тузилгани, унинг раҳбари ким экани очиқ-ойдин айтилиб, ўртадаги келишув шартлари тадбиркор томонидан бузилгани алоҳида қайд этилган ҳолда жиноят иши айнан банк филиалининг прокуратурага мурожаати асосида қўзғатилганига урғу берилади.

Жиноят иши кимнинг мурожаатига асосан қўзғатилгани кўпам аҳамиятсиз, муҳими – «дело» кимларга нисбатан қўзғатилганида! Масаланинг энг аҳамиятли нуқтаси шу. Иккинчидан, банк ўз муносабатида жиноят иши фигурантларининг исми-шарифларини очиқ-ошкор ёзади, ҳолбуки, «Xabar.uz» айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб, уларнинг номини очиқлашдан тийилган эди. Ҳуқуқий саводсизлик шу даражадаки, банк мурожаатидан сўнг «...Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 34, 321-331, 332, 350-моддаларига биноан жиноий иш қўзғатилгани» урғуланар экан, айни шу процессуал тартибга кўра айбдорларга қандай қилмишлари учун Жиноят кодексининг қайси моддалари билан «иш» очилгани ҳақида лом-лим дейилмайди. Ҳар ҳолда, ЖПК (Жиноят-процессуал кодекси) билан ЖК (Жиноят кодекси) ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, ахир?! Яна бир эътиборли ҳолат – банк ўзининг собиқ масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини на тасдиқлайди, на инкор этади!

Ниҳоят, учинчидан: муносабат ниҳоясида «... охиригача ўрганилмаган хабарлар, нохолис маълумотларни жамоатчилик ҳукмига тақдим этмаслик» сўралади. Хўп, яхши. Бироқ «Асакабанк»нинг Андижон филиали собиқ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганининг нимаси «охиригача ўрганилмаган хабар»? Бу инкор этиб бўлмас факт-ку?! Айни хабар, такрор айтамиз, Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотлари асосида тайёрланган. Бирдан бир ваколатли орган бўлган Бош прокуратура маълумотлари «нохолис» дейилиши соғлом ақлга сиғадими?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг