Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда мансабдор 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди

Андижонда мансабдор 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди

Фото: «Hvylya.net»

Асака туманидаги «Шарқ ҳақиқати» массиви раҳбари Ш.А. 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди. Унга кўра, Ш.А. ўзи раҳбарлик қилаётган массив ҳудудидан Асака туман ҳокимлиги мансабдор шахслари орқали 2 гектар ер майдони (иссиқхона қуриш учун) ажратиб бериш эвазига фуқаро Б.А.дан 30.000 АҚШ доллари талаб қилади. Талаб қилган пулнинг тенг ярмини (яна денг, Б.А. унинг яшаш уйида!) санаб олаётганда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ва ДХХ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинади.

Ҳолат юзасидан фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.А. гумондор тариқасида ҳибсга олинган.

...Хабарнинг мазмуни шу. Мавриди келган экан, мавзу бўйича икки оғиз гап айтсак. «Ерфурушлик» орқасидан қўлга олинаётганлар оз эмас. Уларнинг аксарияти масалани «маҳаллий ҳокимлик мансабдорлари орқали ҳал қилиб беришини» айтади. Бу гапи тўғри, зеро, ер майдонига оид масалалар маҳаллий ҳокимлик мансабдор(лар)и билан битади. Бунинг бошқа муқобил йўли йўқ. Бироқ шунга қарамай, «ер бизнеси» бўйича бирорта ҳоким шу чоққача жиноий жавобгарликка тортилганини эшитмадик, эшитмадик-да?! Бу недан далолат: жойлардаги ҳокимларимиз ростанам ҳалол-пок, уларнинг номини сотиб, қўлга тушаётганлар сидирғасига фирибгарми? Маҳаллий ҳокимликларга келганда тергов органлари қувватдан қоладими ё?

Шу мазмундаги саволлар кўпдан буён жавобини кутяпти, ахир?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг