Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижон вилоят ҳокимлигига «суд қарорини тасдиқлаш» ваколати берилганми?

Андижон вилоят ҳокимлигига «суд қарорини тасдиқлаш» ваколати берилганми?

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати блогер Абдупатто (Отабек) Нуритдиновнинг 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилгани ҳақида расмий баёнот берди.

Хўш, нима бўпти, дерсиз? Бу, таъбир жоиз бўлса, навбатдаги «қовун» бўпти!

Маҳаллий ҳокимлик — ижро органининг тармоғи ҳисобланади. Шахсни қамоққа равона қилган суд қарорининг нечоғлиқ қонуний эканига юқори босқич суди ҳуқуқий баҳо беради. Илло маҳаллий ҳокимлик эмас. Бироқ номигина «расмий баёнот»да вилоят ҳокимининг агрономдан чиққан матбуот котиби М.Ботиров юқори суд ваколатини «ўзига олиб», О.Нуритдиновнинг жавобгарликка тортилгани мутлақо қонуний эканини баланд пардаларда айтади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда мазкур воқеликка нисбатан билдирилаётган «асоссиз ва тусмолий айбловлар» Андижоннинг «имижига путур етказаётганини» ҳам алоҳида таъкидлайди. Кечиргайсиз, муҳтарам котиб, вилоят имижига «Нуритдинов иши»га билдирилаётган муносабатлардан кўра Сизнинг бу тариқа «расмий баёнот» беришингиз кўпроқ путур етказади, аслида. Зеро, Сиз — қози, вилоят ҳокимлиги суд органи эмас. Наҳот, шугина ҳуқуқий тартибни билмасангиз?!

Одатда «расмий баёнот» қисқа ва лўнда бўлади. Вилоят ҳокимлигининг «расмий баёноти» эса О.Нуритдиновни қораловчи қисқа метражли фильмга айланиб кетган. Табиийки, қаҳрамонлар орасида бегонаси йўқ: О.Нуритдинов «иши»да жабрланувчи бўлиб ўтган шахслар, вилоят молия бошқармаси масъули, ИИБ, прокуратура мансабдорлар... Улар орасида ҳатто Андижон вилоят маъмурий суди судьяси ҳам бор! Бунчаликка борилмайди-да, энди?! Жабрланувчи дейилаётганларни тушунса бўлади — улар ҳеч қачон О.Нуритдинов ҳақида яхши гап айтмайди.

Вилоят ИИБ ва прокуратураси мансабдорларининг айбловни қўллаб-қувватлагани хусусида ҳам гап шу. Бироқ блогерга оид маъмурий иш э-энди биринчи босқич судида кўриб чиқилди. Ҳали шикоят беришга улгурилмаган «иш» бўйича вилоят суди судьясининг аввалдан фикр билдирганига нима дейсиз?! Бу нима, «эй, Отабекнинг яқинлари, суд қарорига шикоят бериб овора бўлманглар, қарор барибир кучида қолади», мазмунидаги огоҳлантиришми? Қисқаси, вилоят суди судьясининг суд қарори ҳали кейинги босқичда кўрилмай туриб, унинг «қонунийлиги ҳақида хулоса беришга» шошилгани наинки қонун, балки оддий мантиққа сиғмайди... Ўзбекистон Республикаси Олий суди масаланинг айни нуқтасига эътибор қаратиб, ўз нуқтаи назарини билдириши мақсадга мувофиқ бўлади.

Блогернинг иши бўйича суриштирувлар фавқулодда тезкорлик билан олиб борилиб, бир неча соат ичида ҳатто суд қарори чиқаришгача улгурилгани кўпларда ўринли шубҳа уйғотгани бор гап. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам шундай тезкорлик билан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини «бир жойга жамлаб», бир томонлама «баёнот-фильм» ишлагани эса ўша шубҳаларга баттар мой сепади. Рост-да, ваколатига кирмайдиган масалага вилоят ҳокимлиги нега бунчалар «меҳру муҳаббат» билан эътибор қаратмоқда? 

Алоҳида таъкидлаш керак: аввалги чиқишимизда ҳам, мазкур мақолада ҳам Отабек Нуритдиновга қўйилган айбловларнинг қанчалар тош босиши хусусида ҳеч нима дейилаётгани йўқ. Асосий гап блогернинг «тиқиб қўйилиши» ва ундан кейинги жараёнлардаги тасаввурга сиғмас ҳолатлар ҳақида бормоқда. Аҳволни эса кўриб турибсиз...

Блогерга қўйилган айбловлар эса бутунлай бошқа мавзуни, турган гапки, бошқача оҳангни талаб қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг