Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатнинг фиғони фалакда: мижози ундан воз кечибди. Нега?

Адвокатнинг фиғони фалакда: мижози ундан воз кечибди. Нега?

Фото: «belaruspartisan.by»

Адвокатнинг айтишича, бунга уни терговчи мажбур қилган, Бош прокуратура эса процессуал қонунчилик бузилмаганини айтмоқда.

«Advokatnews.uz» адвокатнинг сўзларини келтирди:  «Бош прокурорга ишонч билдириб, бир жиноят иши бўйича терговчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ёзган илк шикоятимдан кейин муаммо бартараф этилиши ўрнига тескариси бўлди. Жумладан, 25 жилддан иборат жиноят иши билан танишиб чиқиш учун менга терговчи 4 кунлик муддат белгилаб, ҳуқуқларимни чеклаган ҳолда ҳужжатлар билан имкон қадар таништирмаслик пайига тушгач, бу ҳақда 22 февраль куни Бош прокурор номига яна бир шикоят топширишга мажбур бўлдим. Бундан хабар топган терговчи эса ҳимоямдаги маҳбусга «адвокат А.Хамидовдан воз кечасан», деб босим ўтказибди. 25 февраль куни тергов ҳибсхонасида кўришганимда ҳимоямдаги шахс бу ҳақда менга айтиб берди (унинг бу гапларини диктофонга ёзиб олганман). Шу боис терговчи ҳимоямдаги шахсни мендан воз кечтиришга мажбур қилиши мумкинлиги тўғрисида Бош прокуратурага ўша куниёқ яна шикоят ёздим. Шундан сўнг адвокат И.Тешаев билан бирга терговчининг хонасига бордик. Аммо, худди гумон қилганимиздек, у «айбланувчи сизлардан воз кечди», дея жиноят иши ҳужжатларини танишиш учун бизга бера олмаслигини айтди. Кейин эса адвокатдан воз кечиш жараёнини ўтказиш учун ҳимоямдаги шахсни олиб киришди. У мазкур юзлашувда «Шикоят ёзгани учун адвокат А.Хамидовдан воз кечяпман» деб айтди ва баённомага ҳам бу ҳақда ўз қўли билан ёзиб, имзолади. Мен ундан: «Терговчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ёзганим учун мендан воз кечаяпсизми?» деб сўраганимда эса у: «Ҳа, шундай»,  деб жавоб берди.

Шундан буён терговчи нега бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл ураётгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдим ва ҳужжатлар асосида тегишли хулосага ҳам келдим. Ушбу хулосаларни батафсил баён қилган ҳолда 27 февралда Бош прокурорга, 14 мартда эса Бош прокурорнинг биринчи ўринбосарига шикоят топширдим. Шикоятларимга ҳимоямдаги шахс билан бўлиб ўтган суҳбат ёзилган хотира қурилмасини ва ўша суҳбат стенограммасини ҳам илова қилдим. Хусусан, ушбу суҳбатда ҳимоямдаги шахс айтади: «Терговчи: «Адвокат А.Хамидовдан воз кечасан, акс ҳолда ўғлингни ва онангни қамайман», деб таҳдид қилди, шу сабабли Сиздан воз кечишим тўғрисида ариза ёзиб бердим».

Аммо бу шикоятларимга Бош прокуратуранинг муносабати, тўғриси, ҳафсаламни пир қилиб, умидларимни пучга чиқарди...»

«Advokatnews.uz» ёзади:  Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари 2019 йилнинг 17 март санаси билан имзолаган жавоб хати нусхасини адвокат бизга тақдим қилди. Мазкур жавоб хати «Сизнинг Ҳ.га (исм-шариф таҳририятнинг шартли қисқартиришида) нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаларингиз ўрганилди» деб бошланади ва бу айнан қайси бир аризага жавоб экани ҳам кўрсатилмаган (демак, барча 6 та аризага бўлса керак). Кейин жиноят иши тарихи ҳақида қисқача маълумот берилиб, айни пайтда унинг «мазмунан кўриш учун 16.03.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилган»и хабар қилинади (назаримизда, санада техник хато бор, чунки мантиқан воқеа 2019 йилга тўғри келмоқда). Шундан сўнг эса гўё ариза мазмунига жавоб берилади:

«Бундан ташқари, аризангизда келтирилган важларингиз бўйича Ҳ. терговда Сиз ва бошқа ҳимоячиларнинг ҳимоясидан ўз хоҳишига кўра Бош прокурор номига ёзган аризаси асосида воз кечган.

Терговда Жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилмаган.

Сизга Ҳ.га нисбатан бўлган жиноят ишининг тергови юзасидан келгусида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини тушунтираман».

Назаримизда, изоҳга ҳожат бўлмаса керак... Узр, негадир битта рақам бизнинг эътиборимизни тортди – жиноят иши Олий судга 16 март куни жўнатилган, жавоб хати эса 17 март куни имзоланган. Демак, иш сал камайганидан кейин жавоб ёзишга фурсат топишгандир-да, тўғрими? Зеро, тергов ҳаракатлари устидан Бош прокурор номига шикоят аризалари 4 февралдан бошланган эди (Бошқарма бошлиғига 21 январда ёзилган аризани инобатга олмаган тақдиримизда ҳам)...

Шу ўринда айтишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жорий йилнинг 4 февралида Адвокатлар палатаси раиси билан учрашувда адвокатларнинг ҳуқуқлари бузилишига доир шикоятларни шахсан ўзи назоратга олишини ваъда қилгач, Тошкент шаҳридаги «EGIDA» адвокатлик бюроси адвокати А.Хамидов бундай эътибордан қувончини бизга маълум қилган ва Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Бош прокурорга ёзган шикояти юзасидан энди тегишли чора кўрилишига ишонч билдирган эди.

 Адвокатнинг бу қадар умидсизлиги сабаби шунда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг