Адлия вазирлиги ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик тўғрисида эслатди
Медиасаводхонлик келажагимизни белгилаб берадиган асосий омиллардан бири бўлиб турибди. Чунки биз ахборот урушлари даврида яшамоқдамиз. Бу муҳорабада асосий қурол – ахборот, мустаҳкам зирҳ эса – ахборотни танқидий қабул қилишдир. Ушбу аср кишиси шубҳаланиш ва шубҳаларни текширишни биладиган бўлиши керак.
Сохта ахборот муаллифлари кўпинча кўзга яққол ташланадиган, «қичқирувчи» сарлавҳалардан ёки бошдан-оёқ тўқима воқеалардан фойдаланиб ўқувчилар аудиториясини оширишга ҳаракат қилади. Бунда кликбейтинг орқали фойда олиш принципи қўлланилади, яъни қанча кўп одам улашса ва ўша ресурсга кирса, реклама берувчилар сони ҳам шунчалик ортади (моддий манфаат).
Тарқатилаётган ахборотнинг рост ёки ёлғонлиги аҳамиятга эга эмас, кўпроқ одам кўрса ва ресурсга кирса, бўлди. Аудиторияси катта интернет ресурслари жамоатчилик фикрини бошқариш воситаси сифатида катта сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлади (сиёсий манфаат).
Шуни эътиборга олган ҳолда Адлия вазирлиги «Медиасаводхонлик ва fake-news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси» номли қўлланма тайёрлади.
Асосан таҳлилий-тавсиявий характерга эга бўлган ушбу қўлланмада сохта хабарларнинг келиб чиқиш манбалари, уларни яратиш ва тарқатишдан манфаатдор томонлар, фейкларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари, улар билан курашишнинг замонавий усуллари (фактчекинг) борасида сўз боради.
Шунингдек, қонунчиликда ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик, ахборот олиш эркинлиги ва тарқатиш масъулияти борасида фойдали эслатмалар ўрин олган.
Қўлланмадан мақсад медиа-макондаги муносабатларнинг қонуний ва тартибли бўлишини таъминлаш ҳамда ахборот истеъмолчиларининг ҳушёрлигини оширишга ёрдам беришдан иборатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter