Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги ҳудудлардаги айрим раҳбарларни огоҳлантирди

Адлия вазирлиги ҳудудлардаги айрим раҳбарларни огоҳлантирди

Фото:«Xabar.uz»

Айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида ҳудуддаги раҳбарлар экспортерлар олдида сунъий тўсиқларни қўймоқда.

Хусусан, маҳсулотларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб ўтаётганда мансабдор шахслар экспортерларни агар у экспортни ушбу ҳудуддан амалга оширмаса ҳудуд чегарасидан ўтказмаётганлиги ёки тадбиркорлик субъектларини экспорт қилинаётган ҳудудда рўйхатдан ўтишини талаб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими мазкур ҳолатга эътибор қаратди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ўзи яхлит бир бозор ҳисобланиб, товарлар ва хизматларнинг республика бўйича эркин ҳаракати бозор иқтисодининг энг асосий тамойилларидан биридир. Ҳудудларнинг экспорт кўрсаткичлари ўзгариши мамлакатнинг умумий кўрсаткичига таъсир этмайди.

Юқорида қайд этилган сунъий тўсиқлар амалдаги қонунчилик талабларига ҳам зид ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бутун республика бўйича бир хил қўлланилиши шарт.

Экспорт/импорт операциялари Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқишфақатгина Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқтақиқланиши мумкин.

Давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорларнинг фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида (ПҚ–3978-сон, 17.10.2018й.ҳокимлар ва давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун шахсан жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.

Тадбиркорлик фаолияти, хусусан экспортни амалга ошириш билан боғлиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ортиқча чеклов ва талаблар ўрнатиш ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш(Жиноят кодексининг 205-моддаси) ёхуд ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (Жиноят кодексининг 206-моддаси) деб баҳоланиб, бунга йўл қўйган мансабдор шахслар ушбу қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг