Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин

2024 йил 1 июнга қадар жамоатчилик экология назоратчилигига номзодлар Экология вазирлиги томонидан мустақил таълим шаклида махсус тайёргарликдан ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 24 февралидаги «Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида алоҳида қайд этилган.

Маълумот учун, Низомда жамоатчилик экология назоратчиси фаолиятини ташкил қилиш тартиби, мақоми, вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин.

Экология назоратчиси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

— соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;

— экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, браконерликка қарши курашиш;

— табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаганда далолатнома расмийлаштиради:

— чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш ёки ёқиб юбориш;

— автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш;

— қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш;

— жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш;

— ноқонуний ов қилиш;

— дарахтларни ноқонуний кесиш, ўсимликларни йўқ қилишга олиб келувчи бошқа ҳолатлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги 81-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган ушбу лавозим экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнинг бу борадаги фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг