Ёқутистондаги ўзбек меҳнат муҳожирлари хавфсизлиги назорат остида
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати Россиянинг Саха республикасида (Ёқутистон) юзага келган нотинч ҳолат бўйича маълумот бериб ўтди.
Айни вақтда Саха республикасида нотинч вазият юзага келган бўлиб, бунга сабаб сифатида россиялик қизнинг номусига тегилгани кўрсатилмоқда. Россия Федерацияси тергов қўмитаси бу жиноятда уч нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожирини айблаган. Натижада Ёқутистонда нотинчлик келиб чиққан ва Ўрта Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига нисбатан ҳужум ҳолатлари кузатилди.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида махсус ишчи гуруҳ тузилди. Вазирлик томонидан хабар қилинишича, бугунги кунда Саха республикасида 11 250 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлаб келмоқда. Вазирлик ходимлари Ёқутистондаги ўзбек диаспораси вакили Тошпўлат Ёдгоров билан алоқага чиқди. Унинг маълумотига кўра бугунги кунда вазият қалтис эмас, ҳамюртларимизнинг ҳаёти ва соғлигига нисбатан ҳеч қандай хавф йўқ. Аммо шунга қарамасдан Тошпўлат Ёдгоров эхтиёткорликни йўқотмаслик ва одамлар кўп тўпланган жойларга эхтиёжсиз бормасликка чақирган.
Шунингдек вазият Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Россия Федерациясидаги ташқи миграция агентлиги вакили Саиднўъмон Мансуров томонидан назорат остида ушлаб турилибди. Унинг хабарига кўра, Саха республикасида вазият анча барқарорлашган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Саха республикасида фаолият юритаётган ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ушбу рақамларга мурожаат қилишни сўрайди:
Москва шаҳри: +7 (903) 507-76-67
Тошкент шаҳри: +998 (71) 200-06-00.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter