Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вирус тарқалган Ухань шаҳрида ўнлаб ўзбекистонликлар бўлиши мумкин

Вирус тарқалган Ухань шаҳрида ўнлаб ўзбекистонликлар бўлиши мумкин

Коронавирус тарқалаётган Уханда махсус шошилинч штаб жойлаштирилган ва 23 январь соат 10:00дан бошлаб жамоат транспорти вақтинча тўхтатилган, аэропорт ва темир йўл рейслари бекор қилинган. Шаҳардан чиқиш йўллари ёпилган. Шаҳарнинг барча транспорт воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Қайд этилишча, Ухань шаҳрида 250 нафар атрофида Ўзбекистон фуқароси, асосан олий таълим муассасалари талабалари яшайди. Уларнинг нисбатан кўпчилиги семестр якунлангани сабабли ватанга қайтишган. Ҳозирда шаҳарда 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин.

«Уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун «Wechat» ижтимоий тармоғида «Ухан 2020 Ўзбекистон» гуруҳи тузилди. Талабаларга хотиржамликни сақлаш, зарурий эҳтиёт ва профилактика чораларига амал қилиш кераклиги тушунтирилди, элчихона консуллик бўлими ходимларининг телефон рақамлари берилди.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатнинг Пекин шаҳридаги элчихонасига (тел.: +8610-6532-6305) ҳамда Шанхай шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +8621-6307-1896) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 23 январь ҳолатига кўра янги коронавирус юқтирганлар сони 600 нафардан ошган, 17 киши вафот этган. Касаллик Хитойдан ташқари ўнга яқин давлатда қайд этилган.

Бугун бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси касалликнинг яширин даври 5 кун бўлиб, хориждан кириб келувчи фуқароларимиз ва чет элликлардан узлуксиз шифокорлар билан алоқада бўлиб туришларини сўраган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг