Транспорт вазирлиги миллий юк ташувчиларни Польша чегарасидаги вазиятдан огоҳлантирди
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги миллий ташувчиларни Европа мамлакатларига юк ташувларини амалга оширишда Польша ва Беларус чегарасидаги вазиятдан огоҳлантирмоқда.
Маълум қилинишича, Польша Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли қарори билан жорий йилнинг 21 феврал санасидан Беларус Республикаси билан Кукурики – Козловичи чегара назорат ўтказиш пункти орқали (Европа Иттифоқига ва Европа эркин савдо ассоциациясига аъзо мамлакатларда рўйхатга олинган юк автотранспорт воситаларидан ташқари) барча юк авто транспорт воситалари ҳаракатланиши икки томонлама (кириш-чиқиш) вақтинча номаълум муддатга тўхтатилган.
Бунинг натижасида эса ҳозирда ушбу чегара назорат ўтказиш пунктида хорижий мамлакатлар юк ташувчиларининг транспорт воситалари тўпланиб қолган.
«Шу муносабат билан миллий ташувчилардан Европа мамлакатларига юк ташувларини амалга ошириш жараёнида ушбу ҳолатни инобатга олишларини сўраб қоламиз.
Ҳозирда ўзбек миллий ташувчилари юк транспорт воситаларини Литва чегара назорат ўтказиш пунктлари орқали тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда», – дейилади вазирлик изоҳида.
Шунингдек, Европа давлатларига юк ташувларини амалга ошираётган миллий ташувчиларда ушбу вазият юзасидан саволлар туғилганда +998 71 202 05 01 (114) ва +998 97 709 16 00 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш сўралмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter