Тошкент вилоятидаги хонадонда шер болалари сақланаётгани аниқланди
Тошкент вилояти Паркент туманида хусусий хонадонда шерлар боқилаётгани ҳақида хабар берилди.
Бу ҳақда Ekologuz канали хабар берди.
«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш ННТ вакили, Паркент туман Экология бошқармаси вакиллари билан бориб кўрдик. Красногорск шаҳарчасидан чиқиб кетаверишда дала ҳовлилар бор экан. Шуларнинг бирида иккита шер (эркак ва урғочиси) ва уларнинг боласи боқилмоқда. Шерлар тор, қоронғи ертуласимон жойда сақланар экан. Болачасининг бир кўзи парда билан қопланган. У ота-онасидан ажратиб олинган. Уй эгасининг айтишича шерларнинг барча ҳужжатлари мавжуд (аммо уларни кўрмадик) Андижон ҳайвонот боғидан сотиб олинган ва Красногорскда хусусий ҳайвонот боғини очиш учун ҳаракатида экан. Аммо ҳали боққа ер ажратилмаган. Шерларнинг қорни тўқдир балки, аммо 2 йилдан буён қоронғи жойда сақланаётган шерларни кўриб, юрагим эзилиб кетди.
Ҳайвонот боғи очилган тақдирда ҳам бор будини бугунги кунда шерларнинг қорнини тўйдиришга сарфлаётган оила аъзлари ундан қанчалик даромад ола олишади? (Ёпилган Навоий ҳайвонот боғига кириш 5000 сўм эди. Албатта, келаётган даромад билан ҳайвонларнинг қорнини тўйдириб бўлмасди).
Ҳайвонот боғи очилгунга қадар (қачон очилиши номаълум) шерлар тор қафасда қанчагача яшашади? Келаётган қиш кунларида уларнинг касал бўлиши табиий, чунки ертула полида сомон ҳам йўқ эди. Шерваччанинг кўзини эса зудлик билан ветиринарга кўрсатиш лозим. Энг мақбули хусусий ҳайвонот боғини очишга бел боғлаган Х.А. ер олиб, боғни очгунича, ҳайвонларни Тошкент ҳайвонот боғига кўчириш керак. Ҳайвонлар тақдирига Экология қўмитаси ва Экопартия ҳам бефарқ қолишмас, деган умиддамиз»,—дейилади канал маълумотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter