Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тез ёрдам»га йўл берган ҳайдовчининг жаримаси бекор қилинди

«Тез ёрдам»га йўл берган ҳайдовчининг жаримаси бекор қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Кундан кунга пойтахтимиз йўллари серқатнов бўлиб, автотранспорт воситалари ҳаракати ортиб бормоқда. Табиийки, бу ҳолат ҳайдовчилардан атрофдаги жараёнларга янада эътиборли бўлишни тақозо этади.

Айниқса, эрталабки ва кечки тиғиз пайтларда шофёрларнинг ҳар қачонгидан-да хушёр ва синчков бўлиши жуда муҳим. Боиси айни шу вақтда «Тез ёрдам» машинаси қайсидир юртдошимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш, дардига малҳам бўлиш учун шифохонага шошаётган бўлиши мумкин.

Афсуски, кўп ҳолларда баъзи ҳайдовчилар «103» автомашинаси чақирув сигналини ёқиб турса-да бунга парво қилмайди. Айрим фуқаролар эса «Тез ёрдам»га йўл берса, жарима қоғози келишидан хавфсирайди. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, махсус имтиёзли автомашиналарга тақиқланган белгида йўл берган шофёрлар жаримага тортилмайди.

Куни кеча пойтахт кўчаларининг бирида ана шундай ҳолат кузатилди. Ҳайдовчи Чилонзор тумани Катта Ҳирмонтепа кўчаси 48-уй қаршисида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ўзининг «Cobalt» русумли автомобилида тўхтаб турган пайт ортдан келган «Тез ёрдам» автомашинасига қоидани бузиб бўлса-да йўл берган.

Орадан икки кун ўтгач, унинг яшаш манзилига жарима қоғози борган.

— Махсус база орқали текширилганда ушбу фуқаро ўз автотранспорт воситасида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида тўхтаб турган вақт «Тез ёрдам» автомашинасига йўл бергани аниқланди, — дейди Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов. — Шу сабабли ҳолат ўрганилиб, ҳайдовчи қоидани бузган бўлса ҳам жарима жазоси ўрнатилган тартибда бекор қилинди. Шунингдек, ўз фуқаролик бурчини виждонан бажарган ушбу фуқаро бошқармамиз томонидан тақдирланди.

Шундай экан барча ҳайдовчилардан йўлларда доимо эътиборли бўлишларини ва махсус товушли сигналлар билан яқинлашиб келаётган имтиёзли транспорт воситаларига йўл беришларини сўраб қоламиз, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг