Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таксига ўтиришда эҳтиёт бўлинг! Тошкентда «киракаш» босқинчилар ушланди

Таксига ўтиришда эҳтиёт бўлинг! Тошкентда «киракаш» босқинчилар ушланди

Фото: Тергов департаменти

Тошкент шаҳрида уч йигит ўзаро жиноий тил бириктириб, такси йўловчисини ҳилват жойга олиб бориб калтаклашади ва ундаги пул, тилла узук, телефон ва курткасини тортиб олишади. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Ҳодиса 2020 йилнинг 4 декабрь куни соат 23:30 да содир бўлган.

23 ёшли Азиз У. жиноий шериклари — 25 ёшли Соҳибжон О. ва 34 ёшли Нодиржон К. билан бирга «Lacetti» русумли автомашинада Учтепа туман 23-мавзеси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтларида йўл ёқасида такси тўхтатиб турган 31 ёшли Суюнжон Х. ни Яшнобод туман Қўйлиқ бозори томонга олиб бориб қўйишга келишишади.

Автомашинага ўтирганидан кейин йўловчининг спиртли ичимлик таъсирида ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, уни одамлар қатнови кам бўлган Сергели туман, Пастдарғом маҳалласида жойлашган метро қурилиши олиб борилаётган ҳудуддаги қоронғу жойга олиб боришади. Шу пайтда гуёки Азиз У. жиноий шериги Соҳибжон О. билан ўзаро тортишиб қолиб, ўрталаридаги келишмовчиликни ҳал этиш ҳолатини саҳналаштириб, автомашинадан тушишади.  

Уларнинг жиноий шериги Нодиржон К. фуқаро Суюнхон Х.га «улар жанжаллашиб қолишди, юринг ажратиб қўяйлик, ёрдам бериб юборинг» деб уни автомашинадан туширади ва орқасидан келиб, қасддан унга ҳужум қилиб, уни ўнг чап юзига мушт тушириб, ерга йиқитади. Уни дўппослаб, юзи билан ерга қараган ҳолатда ётқизиб, қўлини орқасига қайириб, шимининг орқа чўнтагидан 350 минг сўм пуллари, 800.000 сўмлик «Samsung J-5» русумли уяли телефон аппарати, қўлидаги баҳоси 3 млн. сўмлик эркаклар тилла узуги, эгнидаги 320.000 сўмлик курткаси ҳамда унинг чўнтагидаги 850 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинишган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, фуқаро Суюнхон Х.га «енгил» тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув жараёнида Нодиржон К.дан «Samsung J-5» русумли уяли телефон аппарати ва Сохибжон О.дан бир дона эркаклар курткаси тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Азиз У., Сохибжон О. ва Нодиржон К. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «б» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг