Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими жанжаллашди. Бири мушт туширди, иккинчиси электрошокер қўллади

Самарқандда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими жанжаллашди. Бири мушт туширди, иккинчиси электрошокер қўллади

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби ички ишлар ходимларининг хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатилгани ҳолати юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти ИИБ ЙПХ катта инспектори катта сержант Д.Боботаев ва ЙПХ инспектори сафдор О.Эргашев 31 май куни соат 08:35 да Паст Дарғом тумани «Жума деҳқон бозори» олдида 3.27 йўл белгиси таъсири остига қўйилган транспорт воситаларини планшет мосламасига расмга тушираётган бўлган. Шу вақт уларнинг ёнига Lacetti’да келган 28 ёшли фуқаро А.Ч. ҳеч бир сабабсиз «нима сабабдан мени автомашинамни фотосуратга олдинг», дея тортишиб кетган ва катта сержант Д.Боботаевнинг кийимини чап томон погонини юлиб олиб, уни уриб, тан жароҳати етказган.

Шу сабабли, фуқаро А.Ч. томонидан содир этилаётган қаршилик ҳолатини тўхтатиш учун сафдор О.Эргашев хизматда фойдаланиш учун берилган электрошокер мосламасини фуқаронинг чап елка соҳасига қўллаган. Паст Дарғом туман Тиббиёт бирлашмасининг шу кундаги маълумотномасига кўра, фуқаро А.Ч.нинг чап қўл елка қисмида тери усти қизариши жароҳати мавжудлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат бўйича Паст Дарғом туман прокуратурасининг шу кундаги хизмат текшируви ўтказиш ҳақидаги хати ва ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармасининг маълумотномаси асосида вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан 7 июнь куни хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув давомида РШТЁИМ Самарқанд филиали 1 июнь кунидаги 1399-сон эксперт хулосасига кўра, Д.Боботаевни чап кўз юқори ва пастки қовоқ соҳасида қонталаш ва шилинма, чап кўз олмаси оқиш пардасига қон қуйилиши, чап олмаси ўрта даражали лат ейиши, кўриш ўткирлиги пасайиши каби жароҳатлари аниқланган. Улар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилгани, ушбу жароҳатлар енгил соғлиқни бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари гуруҳига кириши, етказилган вақти 31 май кунига тўғри келиши мумкини кўрсатилган.

Хизмат текшируви давомида ЙПХ инспекторлари ИИВнинг тегишли буйруқ талаблари асосида ҳаракат қилгани бўйича хулоса қилиниб, тўпланган ҳужжатлар Паст Дарғом тумани прокуратурасига юборилган.

7 июнь куни фуқаро А.Ч.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Ҳозирги кунда Паст Дарғом тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда туристларга электрошокер қўллаш воқеасидан сўнг 4 нафар ходим ишдан олинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг