«Қора бева»га айланган аёллар: тарихнинг шавқатсиз қотиллари
![«Қора бева»га айланган аёллар: тарихнинг шавқатсиз қотиллари](https://static.xabaruz.com/crop/2/5/720_460_95_2540694838.jpg)
Қора бева — жуфтлашгач эркагини ейишга мойил урғочи ўргимчак тури. Илгари эри қайсидир сабабга кўра узоқ яшамаган аёлларга нисбатан «қора бева» атамаси қўлланилган. Ҳа, бундай фожиалар кўп ҳолларда бахтсиз ҳодисалар оқибати бўлган. Аммо, минг афсуски, ҳар доим ҳам эмас.
Вера Ренц
Вера 1903 йили зодагон венгерлар оиласида дунёга келади. Бироқ на насл-насаб ва на мол-дунё бу ёш хоним феъл-атворида ўз изини қолдирмаган кўринади. Айрим манбаларга кўра, Вера умуман гапга кирмайдиган, ўзбошимча қиз бўлиб ўсган ва 15 ёшидаёқ уйидан дўстлари даврасига қочиб кетадиган одат чиқарган. У эркаклар билан дўстлашишни ёқтирар, асосан ўзидан улуғроқларни танларди. Турмушга ҳам анча каттароқ ёшдаги одамга чиқади.
Эри Бухарестдан келган бой тадбиркор бўлиб, Вера ундан Лоренсо исмли ўғил кўради. Бола дунёга келганидан кўп ўтмай аёл турмуш ўртоғини хиёнат қилишда гумонсираб, ундан қасд олишни дилига тугади ва виносига мишяк қўшиб қўяди. Сўнгра жасадни бир ёқли қилгач, қариндошларига эри уни ва ўғлини ташлаб, бошқа аёл билан кетиб қолганини айтади. Орадан бир йил ўтгач эса хўжайини автоҳалокатда вафот этгани тўғрисидаги миш-мишларни тарқатиб, қисқа вақт ичида яна турмушга чиқади.
Веранинг иккинчи эри ўзи билан тенгдош чиқди, аммо бу никоҳ ҳам узоққа бормади: аёл рашк ва шубҳалар гирдобида турмуш ўртоғини тинч қўймас ва улар тез-тез жанжаллашарди. Шундай кунларда «қора бева»нинг иккинчи эри ҳам йўқолди — Веранинг сўзларига кўра, у ҳам бошқасини деб кетиб қолган. Бир йил ўтгач эса турмуш ўртоғидан бошқа уйга қайтмаслиги ва хотини билан бир умрга видолашгани ҳақида мактуб олганини овоза қилади. Аслида «вафодор эр» жасади шароблар сақланадиган ертўла остида эди.
Вера бошқа турмуш қурмади, лекин унинг ҳар хил эркаклар, жумладан, оиласи борлар билан ҳам муносабати давом этди. Қизиғи, ҳамма жазманлар бедарак йўқоларди – бири ишқий муносабатларидан бир йил ўтиб, яна бири илк кунларданоқ. Айтишларича, бу жирканч ишларга жазманларидан бирининг рафиқаси нуқта қўяди: аёл эридан гумонсираб, уни таъқиб қилади ва кимникига боришини билиб олади. Эри йўқолиб қолгач эса полиция чақиради.
Шу тариқа Веранинг уйида тинтув ўтказилади ва ертўладан таналари ҳар хил ҳажмда кесиб жойланган 32 та тобут топилади. Аёл қотилликларни тан олади, эркакларнинг ҳаммасини унга садоқат билдирмаганликда айблаб, мишьяк бериб ўлдирганини айтади. Яна у иккала эрини ўлдирганини ҳам тан олади. Бундан ҳам даҳшатлиси, уникига меҳмон бўлиб келган ўғли кутилмаганда ертўладаги тобутларни кўриб қолади, шунда Вера боласини ҳам заҳарлайди.
Белль Соренсен Ганнесс
Айрим маълумотларга кўра, Белль Соренсен Ганнесс (Брунгильда Польсдаттер Сторшетт) 25 дан 40 нафаргача бўлган одамни нарги дунёга жўнатади. Улар сафида ўз қизлари – Миртл ва Люси, иккита эри ва бошқа фарзандлари ҳам бўлиши мумкин.
Белль Норвегияда дунёга келади. Оилада 8 нафар фарзанднинг энг кичиги бўлса-да, у бақувват ва кучли қиз эди: гувоҳлар сўзига кўра, бўйи 183 см., вазни 90 кг. келган ва жуда чайир бўлган. Қиз фермага ишга жойлашгач, 3 йил мобайнида АҚШга кетиш учун билетга пул йиғади. Унинг опаларидан бири аллақачон ўша ёқда яшарди. Океан ортида Белл исмини ўзгартириб, хизматкор сифатида ишга жойлашади.
1884 йилда эса келиб чиқиши чикаголик Мэдс Соренсенга турмушга чиқади. Бир йил ўтиб, улар ўз қандолат фирмасини очишади, бироқ у нимадир бўлиб ёниб кетади. Эр-хотин қўлга киритилган суғурта пулига уй сотиб олишади.
Тадқиқотлар натижасига кўра, Белль ва Медснинг 4 нафар фарзанди бўлган: Кэролайн, Аксель, Миртл ва Люси. Кэролайн ва Аксель гўдаклигидаёқ аломатлари деярли заҳарланишдан фарқ қилмайдиган (диарея, кўнгил айниши, спазм) колит касаллигидан вафот этади. Болалар суғурта қилинган эди ва улар ўлимидан сўнг ота-онасига суғурта компанияси томонидан пул тўлаб берилади. Кейинроқ Белль эрини ҳам заҳарлайди ва унинг учун олинган маблағга ферма сотиб олади.
Эндиликда аёл эркакларни айнан шу фермага таклиф қила бошлайди. Бунинг учун газеталарга никоҳ тўғрисида эълонлар жойлаштиради. Бой бевага жуда кўп хушторлар чиқади, бироқ ҳеч бири лаънати фермадан қайтмайди. Афсуски, Беллнинг бошқа фарзандларига нима бўлгани номаълум. Устига-устак, ўзининг қандай ўлгани ҳам ноаниқ: бирдан йўқолиб қолади ва кўп ўтмай полиция унинг фермаси ёнидан бошсиз ва куйган жасадни топади. Бу жиноятчига тегишлими-йўқми ҳануз исботланмаган. Эҳтимол, «қора бева»нинг жазодан қочиш учун ўйлаб топган навбатдаги режасидир?!
Мэри Энн Коттон
Айтишларича, Мэри Энн Коттонни қатл этган жаллод жабрланувчининг кўпроқ азобланишини истаб, илмоқни нотўғри маҳкамлайди. Агар бу ҳақиқат бўлса – нима учун? Маълумотларга кўра, Мэри Энн Коттон ўзининг ўн нафар фарзанди, тўрт эри ва севгилиси билан бирга 20 га яқин одамни мишьяк билан заҳарлаб ўлдирган.
Мэри Эннинг болалиги оғир ўтади: отаси ўта диндор бўлиб, болаларини тез-тез жазоларди. Унинг ўлимидан сўнг онаси ва акалари билан қолган қиз қашшоқликдан-да паст ҳаётни кўрди. Англиядаги Виктория даврида бундай оила «меҳнат уйларига» кетишига тўғри келишини англатарди, бироқ қизнинг онаси яна турмушга чиқади. Энди оилага очлик ва айрилиқ бошқа хавф солмаётганди, бироқ Мэрининг ўгай отаси билан муносабатлари яхшиланмади: Улар бир-бирини зимдан ёмон кўришар ва қиз ўгай ота уйидан чиқиб кетиш йўлларини ахтарарди.
16 ёшида Мэри Энн фермага ишчи бўлиб жойлашади. Хўжайин унинг ишидан шикоят қилмаган, лекин кўп ўтмай унинг ишқий саргузаштлари ҳақида миш-мишлар тарқалади. Қиз ҳам узоқ куттирмай Уильям Моубрей исмли кончига турмушга чиқиб, уйидан кетади. Ушбу никоҳдан беш нафар бола дунёга келиб, уларнинг ҳаммаси гўдаклигидаёқ нобуд бўлади. Кўп ўтмай эри ҳам вафот этади: у ишда жароҳат олиб, даволаниш учун уйига келгач, ич бузилишидан касалланиб, ҳаётдан кўз юмади.
Мэри Энн суғуртани қўлга киритгач, ўзига янги кўйлаклар сотиб олади. Тирик қолган ягона қизи Изабелни эса бувисиникига жўнатиб юборади. Ўзи эса шифохонадан иш топиб, мишьякни сақлаш учун жавобгар шахсга айланади.
Бу ерда у бемор Жорж Вард исмли муҳандис билан танишиб, турмуш қуришади. Аммо қизи Изабелни янги оиласига олиб келишга шошилмайди, устига-устак, куёв ҳам касал бўлиб қолади. Жоржни текширган доктор шифохонани беморни нотўғри даволаганликда айблайди, Мэри Энн ҳам бу қўллаб-қувватлайди. Кўп ўтмай Жорж Вард оламдан ўтиб, Мэри Энн кўчиб кетади.
Унинг навбатдаги эри Жеймс Робинсон рафиқаси ўлимидан сўнг болалари ва уйига қараб турадиган бека излаб юрганди. Мэри Энн суҳбатдан осон ўтди ва ишга қабул қилинди. Бир ой ўтар-ўтмас Рождество арафасида Робинсоннинг фарзандларидан бири ичак безгаги билан оғриб қолиб, жон берди. Шу орада Мэри ҳомиладор бўлиб қолди.
Бир куни Мэри Эннга онаси оғир бетоблиги ҳақида хабар келади. Аёл уни парваришлаш ва баҳонада қизи Изабелни кўриб келишга жўнаб кетади. Қизи етиб келганида Мэрининг онаси оёққа тура бошлаганди, бироқ кейин кутилмаганда яна аҳволи ёмонлашиб, у ҳам ичак касалликларидан вафот этди. Изабель онаси билан бирга Робинсоннинг уйига кетишга мажбур бўлди ва у ерда кўп ўтмай Жеймснинг уч нафар фарзанди билан бирга касалланиб қолди. Уларнинг ҳаммаси бирин-кетин оламдан ўтишди. Фақат Мэри Энн билан Жеймс Робинсоннинг қизи – гўдак тирик қолди.
Болани Жеймснинг қаттиққўллиги ўлимдан қутқариб қолади: маълум бўлишича, Мэри Энн унинг рухсатисиз ҳаммадан пул сўрайвериб, қарзга ботиб қолганди. Бундан ғазабланган Робинсон хотинини уйдан ҳайдаб юборади. Аёл кичик қизи билан уйдан чиқиб кетиб, болани танишлариникига қолдиради. Улар эса гўдакни отасига қайтаришади.
Энди Мэри Энн янги ўлжаси – хотини ўлган Фредерик Коттон билан танишиб, ундан ҳомиладор бўлиб олади. Фредерик унинг қўлини сўраганида ҳали расман ажрашмай туриб, рози бўлади. Бир йил ўтар-ўтмас Фредерик Коттон ҳам ўша сирли ичак касаллигидан вафот этади. Қора бева эса унинг уйига эгалик қилиб, икки ўғлининг ҳомийсига айланади.
Аёл бу хонадонга севгилисини таклиф қилади, бироқ у билан кўп яшолмайди: яқин орада ҳамширага муҳтож бўлган кекса ва бой амалдор топилиб қолади. Мэри Энн ўрганган режасини ўзгартирмаган ҳолда кекса бойдан ҳомиладор бўлиб олади. Фақат бу никоҳга Коттоннинг фарзандлари халақит қилаётганди. У зудлик билан ҳам болалардан, ҳам севгилисидан қутулиш чорасини кўради. Етти ёшли Чарльз Коттонгина тирик қолади.
Мэри Энн навбатдаги қурбони учун болани оғуга жўнатди, бироқ Чарльзга маргимуш сотишмади. Шунда у қўшнисидан илтимос қилди. Кўп ўтмай Чарльз Коттон ҳам оламдан ўтди. Яқинда болани текширувдан ўтказган ва касаллик аломатларини топмаган шифокорлар ҳайратда қолишганди. Яна Мэрининг қўшниларини ўғли ўлимидан сўнг мурдасини олиб келиш учун моргга эмас, пул учун суғурта компаниясига боргани қаттиқ ажаблантирди.
Маҳаллий газеталар бу воқеага ёпишиб олишди. Мэри Энн қочишга тайёргарлик кўрди, бироқ улгурмади: Чарльз Коттоннинг тўқимасини сақлаб қўйган шифокор экспертиза ўтказиб, унда маргимушни аниқлади. Полиция Мэри Энни ҳибсга олди. Қурбонлар жасади эксгумация қилинди, далиллар тўпланди. Мэри Энн Коттон ўлим жазосига ҳукм қилинди. 1873 йил 24 март куни у қатл супасига кўтарилди. Жаллод томонидан нотўғри боғланган сиртмоқ туфайли тахминан уч дақиқа азоблангач, жон берди.
Лидия Шерман
Лидия Шерман (уни яна коннектикутлик Боржиа деб ҳам аташади) эри билан 18 йил севиб турмуш қуришди. Шундан сўнг уни заҳарлади.
16 ёшида Лидия хотини ўлган Эдвард Страк билан танишиб, унга шу заҳоти турмушга чиқади: қиз ота-онасиз ўсгани учун оиласи бўлишини орзу қиларди. Страк полициячи эди. 18 йил яхши хизмат қилишига қарамай, уни ишдан бўшатишади ва собиқ ходим депрессияга тушиб қолади. Бу эса ёш хотинига ёқмайди. Эрини маргимуш билан заҳарлаб, муаммони ҳал қилади. Бироқ ёлғиз ўзи фарзандларини катта қилолмаслигини тушуниб, улардан ҳам қутулиш чорасини кўради.
6 ёшли Марта Энн, 4 ёшли Эдвард ва чақалоқ Уильямни бир кунда заҳарлайди. Ўсмир ёшидаги Жорж ва Энн Элиза касаллик пайтида ўлдирилади — шундай қилинса, изларни йўқотиш осон бўлади, деб ўйлайди аёл. Тўнғич қизи шу воқеалардан сўнг ўз ажали билан жон беради. Лидия эса бой Деннис Харлбортнинг фермасига ишга кирди ва тез орада унинг хотинига айланади.
Кўп ўтмай Деннис бевасига катта мол-мулк қолдириб вафот этади. Лидиянинг нима учун яна янги ишга жойлашгани номаълум. Балки, янги турмуш учундир. Шундай ҳам бўлиб чиқди: у қизини ёлғиз тарбиялаётган Гораций Шерманга бола тарбиячиси сифатида ишга киради. Никоҳ омадли кечди, фақат... Гораций ичкиликни яхши кўрарди. Бу шу даражада Лидиянинг ғашига тегардики, фикри ўзгариб қолармикан деб Шерманнинг қизини заҳарлашга қарор қилади. Бироқ Гораций ичкиликка янада берилади. Шунда Лидия уни ҳам заҳарлайди.
Кўп ўтмай Лидияни ҳибсга олишади. Уни аввал ўлим жазосига ҳукм қилишади, аммо кейин умрбод қамоқ жазоси билан алмаштиришади. Лидия умрининг охиригача турмада азоб чекиб, охири ўлиб кетган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter