Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Даҳшатли қотиллик тафсилоти маълум қилинди

Даҳшатли қотиллик тафсилоти маълум қилинди

Қотиллик қурбони бўлган оила.

Фото: «Nemolchi.uz»

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи бир оиланинг 4 нафар аъзоси ва ёлланма ишчи ўлдириб кетилгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

Ўзбекистондаги зўравонликка қарши «Nemolchi.uz» мустақил нашри қотиллик тафсилотларини эълон қилди.

Қайд этилишича, қотилликни содир этган 24 ёшли Шоядбек 26 июль куни Россиядан Тошкентга учиб келган.

Қотил барчасини пухта режалаштирган: у видеокузатув камералари бўлмаган жойда такси тўхтатиб, ўзи билан иккита қассоб пичоғини олиб уйга келган. У 28 июлдан 29 июлга ўтар кечаси мудҳиш режасини амалга ошириб, 29 июл куни қайтиш чиптаси билан Россияга учиб кетмоқчи эди.

Айтилишича, Шоядбек Россияда чўчқа сўйиш цехида ишлаган, шунинг учун у профессионал тарзда ўлдиришни билган. Унинг қўли қотиллик вақтида бирон марта қалтирамаган.

Биринчи зарбани эшик олдидаги уйда ухлаб ётган оиланинг кенжа қизи Мадина олган. Шоядбек уни Малика билан адаштирган. Мадинанинг овозидан отаси, акаси Қаюм ва ёлланган ишчи югуриб келади.

Қотил уч зарбада уларни ҳам пичоқлайди ва кўчага отланаётиб, онаси ва икки боласи билан турган Маликага тўрт марта пичоқ билан зарба беради.

Кейин таксига қайтиб, ҳайдовчига қизнинг отаси унга ҳужум қилганини айтади. Такси ҳайдовчиси қонни ювишга ёрдам беради ва унга қўшимча кийим беради. Шундан сўнг улар аэропортга йўл олади.

Аэропортда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кўплигини пайқаган Шоядбек машинани Қўйлиқ томонга ҳайдашни сўрайди. Қотил у ердан таксида Андижонга йўл олади. Йўлда қотил ҳибсга олинади.

Жиноят содир бўлган жойга тез ёрдам машинаси етиб келади, унга ўша вақтда тирик бўлган ишчи ортилади. Бироқ у тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этади. Вилоятда унинг иккита боласи ва ҳомиладор хотини қолган.

Маликанинг онасининг сўзларига кўра, уларнинг оиласи Шоядбек билан бир неча йил олдин танишган. У Маликанинг кредитга олинган уйини таъмирлаб берган. Бу вақт ичида йигит бир неча бор Маликадан қарз олган. Шундан сўнг йигит Маликага бошқача муносабатда бўла бошлаган ва унинг қўлини сўраган. Малика у билан бирга яшамаслигини маълум қилгандан сўнг Шоядбек аёлнинг отаси олдига боради.

— Шоядбек, қизим сенга хотин бўлмайди. Сизлар буткул бошқа-бошқа оламсиз. Сен 24 ёш, у эса 35 да. Иккита боласи бор. Қизимни нима қиласан?, — дейди қизнинг отаси.

Маликанинг ота-онаси йигит қарздан қутулиш учун тўй таклифини бераётганини дарҳол тушунишади. Қарзи каттагина эди – 14 миллион сўм. У атиги 1,6 млн.ни қайтарди. Малика қолган қарзни ҳам қайтаришни талаб қилди, у кредитни ёпиши керак эди.

Шундан сўнг, Шоядбек Россияга жўнаб кетади ва Маликанинг оиласига таҳдид қила бошлайди. Интернетда у қиз ва унинг оиласи ҳақида ҳақоратли постларни, порнографик фотосуратларни монтаж қилиб тармоққа жойлаштиради.

Июль ойида Ўзбекистонга қайтиб, Малика ишлайдиган ишхонага бориб аёлнинг ҳамкасблари олдида пичоқ билан унга таҳдид қилади. Кейин Малика ички ишлар органларига ариза ёзади, лекин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳеч қандай ҳаракат бўлмайди.

Май ойида оила аъзолари туман ички ишларига ҳам ариза ёзади, кейинроқ порталга ҳам мурожаат юборади (жавоби ҳали ҳам келмаган). Маликанинг онасининг сўзларига кўра, ички ишлар органлари Шоядбекни Россияда эканини айтиб, ҳеч нарса қила олмасликларини маълум қилган.

«Агар ички ишлар органларимиз хотин-қизларнинг аризаларига қўл силтамасдан ўз вақтида муносабат билдирганда, ҳақорат, туҳмат, шантаж учун гумонланувчининг хорижга чиққанини баҳона қилмасдан қидирувга берганда, Ўзбекистонда Жиноят кодексининг ‘ўлдириш билан қўрқитиш’ 112-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилганда 5 киши тирик қолган бўларди», – дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг