Миср самолёти Тошкент осмонида хавфли манёвр қилди

26 май куни Мисрнинг FlyEgypt авиакомпаниясига тегишли Boeing 737 самолёти Тошкент осмонида хавфли манёвр қилиб маҳаллий аҳолини қўрқитиб юборди.
Ушбу ҳодиса гувоҳи бўлганлар ижтимоий тармоқларда самолёт устиларига қулаётган деб ўйлаб, қўрқувга тушишганини баён қилишган.
Мазкур авиҳодиса юзасидан Транспорт вазирлиги расмий изоҳ берди.
Жорий йилнинг 26 май куни Тошкент – Қоҳира йўналиши бўйича FEG 1402 қатновини бажараётган «Fly Egypt» авиакомпаниясининг рўйхат рақами SU TMG бўлган, Boeing-737 русумли ҳаво кемаси экипажи «Тошкент» аэропортидан парвозни амалга ошириш жараёнида нотўғри манёврни амалга оширган.
Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 декабрдаги 505-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиация ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳалокати ва инцидентларини текшириш қоидалари»га мувофиқ авиаҳодиса текширувини ўтказиш юзасидан комиссия тузилди.
Комиссия томонидан ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter