Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллий» телеканали ходимларини калтаклаганларнинг икки нафари аниқланди – Бош прокуратура

«Миллий» телеканали ходимларини калтаклаганларнинг икки нафари аниқланди – Бош прокуратура

Видеодан кадр

«Миллий» телеканалнинг «Миллар» дастури ходимлари ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда калтаклангани хабари берилганди.

Воқелик бўйича даcтлабки маълумотлар пайдо бўлди.

«Xabar.uz» сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, пойтахтнинг Чилонзор тумани «Тирсакобод» маҳалласи Чорбоғ кўчасида жойлашган жисмоний шахсга қарашли омборхонада 2022 йил 24 январ куни соат 09:58 да  ҳозирча номаълум сабаб билан ёнғин келиб чиққан. Ёнғин натижасида маиший техника, енгил ва оғир автоулов шиналари, памперс ва салфеткатлар сақланаётган омборхона ёниб кетган.

Воқеа жойига борган «Миллий ТВ» тасвирга олиш гуруҳи ходимлари ҳолатни видеолавҳага олаётган  пайтда уларга омборхона ишчи ходимлари ва ўт ўчиришда ёрдамлашаётган шахслар фаол қаршилик  кўрсатиб тан жароҳати етказганлар.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида телеканал ходимларига тан жароҳати етказганларнинг икки нафари аниқланди: уларнинг бири Зангиота туманида истиқомат қилувчи 31 ёшли З. У., иккинчиси Сергели туманида яшовчи 36 ёшли Ғ. А. эканига ойдинлик киритилди.

Қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда. Ҳолат Бош прокуратура назоратига олинган, деди Ҳ. Шамсутдинов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг