МИБ вояга етмаган болани қидиряпти

Тошкентда набирасини яширган бобо ва буви (эр-хотин Асқарходжаевлар) Мажбурий ижро бюросининг пойтахт бошқармаси томонидан қидирилмоқда.
Бу ҳақда бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси телеграм-каналида маълум қилинган.
Айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судининг 25.11.2020 йилдаги ижро варақасига асосан эр-хотин Асқарходжаевлардан вояга етмаган набирасини даъвогар Ф.Алимов (вояга етмаган боланинг отаси) тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Бироқ ижро ҳаракатлари ҳалигача якунига етмади. Сабабики, ижрочиларнинг тушунтиришига қарамай жавобгарлар томонидан суд қарори ижросига сунъий тушов солиб келинмоқда. Ҳатто суд қарорида белгиланган мажбуриятни бажармаганлиги учун ижрочи томонида маъмурий жарима (БҲМнинг 5 баробари миқдорида) солиниши ҳам вазиятни ўзгартиргани йўқ. Аксинча, вазият баттар мураккаблашди: жавобгар ҳамда набирасини топиб бўлмай қолди. Натижада Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 42-моддасига асосан «болага нисбатан қидирув» эълон қилинди, дея қўшимча изоҳ берди МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати.
Айни пайтда қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter