Машинадаги 90 миллион сўмни ўғирлаган шахс ушланди
Қибрай туманида эшиги қулфланмаган машинадан 90 миллион сўмни ўғирлаган шахс ушланди — 16 ёшли ўсмир... Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тумандаги «Парвоз» МФЙда яшовчи фуқаро С.У. шахсий «Tracker» автомашинасини ўзи яшайдиган уй олдида эшигини очиқ (қулфламай) қолдирган бўлган.
Вазиятдан фойдаланган шахс автомобил салонида бўлган ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк пластик карталари, хонадон калити, 7 500 АҚШ доллари ҳамда 300 минг сўм миқдоридаги пулни олиб, воқеа жойидан яширинган.
Олиб борилган суриштирувлар натижасида ўғирликни 2005 йилда туғилган шахс — фуқаро А.Ж. содир этгани ИИБ тезкор ходимлари томонидан аниқланиб, ушланган.
Қибрай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро А.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари вақтида жабрланувчига етказилган жами 86 млн 317 минг сўм моддий зарар тўлиқ ундирилишига эришилган.
Тергов тугатилиб, иш судга юборилди, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter