Жоржияда ўқитувчи отишма содир этди
АҚШнинг Жоржия штатидаги мактабда ўқитувчи отишма содир этди. Воқеада болалар жароҳатланмаган ва ҳозир хавфсиз жойда. Ўқитувчи қўлга олинган ва мактабнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган, дея хабар беради маҳаллий полиция ўз «Twitter»ида. Бу ҳақда «РИА Новости» ёзмоқда.
Кеча Тошкент вақти билан 22:30 да Жоржия штатидаги Далтон шаҳрининг «Twitter» саҳифасида мактаблардан бирида кимдир синф хонасига қамалиб олгани ҳақида хабар берилди. Маҳаллий ҳокимият расмийларининг сўзларига кўра бу шахс мактаб ўқитувчиси бўлган.
Кейинроқ полиция ота-оналардан мактаб ҳудудига киришга уринмасликни сўраган. Орадан 10 дақиқа ўтгандан кейин жиноятчининг қўлга олингани хабар қилинган.
АҚШнинг Флорида штатидаги мактабда юз берган отишма натижасида ўқувчилар ҳалок бўлганидан кейин аҳоли бундай воқеаларни диққат билан кузата бошлади. 14 февралда Майамидан 60 километр шимолдаги Паркленд шаҳридаги мактабда юз берган отишмада 17 киши қурбон бўлган эди. Орадан кўп вақт ўтмай полиция мактабнинг собиқ ўқувчиси Николас Крузни қўлга олган эди. Кейинчалик хабар берилишича, ушбу ўқувчи руҳий касал экан, тарбияси ҳам яхши бўлмаган.
Ушбу воқеадан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп айрим ўқитувчиларни қуроллантириш таклифини билдирган эди. Унинг айтишича, қуролланган ўқитувчилар ўз ўқувчиларини ана шундай ҳужумлардан ҳимоя қилишлари мумкин бўлади. Бу таклиф кўпчиликнинг танқидига сабаб бўлди. Одамлар бунинг натижасида шундай воқеалар кўпайиб кетишидан хавотирланишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter