Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарзандини 9 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қамалди

Фарзандини 9 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қамалди

Пойтахтда 23 ёшли аёл 2021 йилда туғилган фарзандини 9.000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлди. Бу ҳақда Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Бахром Бердиев хабар берди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари ва ДХХ ходимлари тадбир ўтказган. 

Тадбирда ҳали турмушга чиқмаган аёл фарзанди учун талаб қилинган 9.000 АҚШ долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«2020 йилда Наманган вилоятидан Тошкент шаҳрига ишлаш учун келгандим. Ўша йилнинг ноябрида ҳомиладор эканлигим ҳақида билдим. 2021 йилнинг ёзида ижарада бирга яшаб турган танишим ҳомиладорлигимни кўриб, ҳомилам тўғрисида сўради. Ҳомиламни оила-аъзоларим билмаслигини, яшириб юрганимни айтдим. Хонадошим «болани туғиб, менга бер. Эвазига 15.000 АҚШ доллари бераман», деди. Дастлаб таклифини рад этиб, ўзимнинг туғишган опам фарзандсиз эканини тушунтириб, туғилажак фарзандимни опамга бериш ниятим борлиги айтдим. Шунга қарамай у «таклифимни уйлаб кўр», деди. Орадан бир оз вақт ўтиб, хонадошим яна болани сотиб олиш таклифи билан мурожаат қилди. «Ҳозирда 15.000 АҚШ долларим йўқ. 10.000 АҚШ долларим бор. Шу нархга сота қол», деди. Таклифига жавобан болани туққанимдан кейин жавоб беришимни айтдим»,— дейди айбланувчи.

2021 йилнинг август ойида бола туғилади. Харидор болани онасини 9000 долларга сотишга кўндиради.

Шунингдек, боланинг ҳужжатлари йўқлиги туфайли ҳужжат ишлари битгунича аёл пулни олгани хусусида тилхат ёзиб беради.

«Ҳозирги кунда фарзандим болалар уйида. Қилмишимдан пушаймонман. Ўзимга тегишли хулосалар чиқардим»,—дейди аёл.

Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг