Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада «самосуд»: одамлар ўғриларни дарахтга осиб, роса дўппослаган

Фарғонада «самосуд»: одамлар ўғриларни дарахтга осиб, роса дўппослаган

2019 йил 01 октябрь куни соат 06-30 ларда Аҳмаджон Н. (1991 й.т.) таниши Аваз Х. (1968 й.т.) билан учрашиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктиришган.

Улар бир гуруҳ бўлиб, фуқаро Алижон Т.га тегишли хонадонга юзларига ниқоб, махсус темир сейфларни очишга мўлжалланган ва қўлбола усулда тайёрланган темир мослама билан қуролланиб, яширин равишда киришган. Сўнг уйдаги темир сейф эшигини очиб, 12 500 000 сўм пулларни олиб, ёстиқ жилдга солиб, девор ошиб қочиб кетишган.

Бу вақтда уйда бўлган Алижон Т.нинг турмуш ўртоғи Одина Т. уларни кўриб қолган ва баланд овозда бақириб, қўшниларидан ёрдам сўраган. Қўшнилар уйга киришган ва ўғирлик содир этилганини билиб, ўғрилар ортидан қувлаган. Қўшнилар қувиб етиб, Олтиқуш қишлоғида жойлашган “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдони ҳудудида ушлаб олишган ва хонадон эгаси “Мастона” бозорида эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланиб турган Алижон Т.га бу ҳақда хабар беришган.

Алижон Т. яшаш хонадонида ўғирлик содир этилгани ва ўғрилар қўлга тушганини билиб, тезда қариндоши билан воқеа жойига етиб борган. Қариндоши Аваз Х.нинг юзига уриб, ўзлари билан олиб келган арқон ёрдамида ўша жойдаги терак дарахтига бўйнидан боғлаб қўйган.

Аҳмаджон Н.ни эса ўша ерга тўпланган фуқаролар уриб, телефонга видеотасвирга олишган. Мазкур видеотасвирлар “Телеграм” каналлари орқали тарқатиб юборилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Аҳмаджон Н. ва Аваз Х. яширин равишда ўғирлаган 12 500 000 сўм пуллар, мазкур пул солинган 1 дона ёстиқ жилди, 1 дона ниқоб, темир сейфни очишда фойдаланилган 1 дона қўлбола темир мослама ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 октябрь куни Данғара тумани ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х. олган тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.

Улар ўз кўрсатмаларида Алижон Т.нинг хонадонида содир этган ўғирлик ҳолатига тўлиқ иқрор бўлишган ва содир этган қилмишидан пушаймонлигини, уларга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини, бу ҳолат ўзларининг айблари билан содир бўлганини билдиришган.

Гумонланувчи Аваз Х. муқаддам 2 маротаба судланганини ҳисобга олган ҳолда 4 октябрь куни процессуал тартибида ушланган ва эртасига унга ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х.га тан жароҳати етказган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг