«Қачон ўқилади блогернинг жанозаси?» — Фарғона вилоят ҳокими яна муҳокамада
Кеча ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзуси яна Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бўлди. Селектор йиғилишидан олингани айтилаётган аудиога асосланиб маълум қилинишича, Шуҳрат Ғаниев газ ва свет билан боғлиқ муаммони ёритган блогернинг жанозаси ўқилишини Қува ҳокимидан талаб қилган.
Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилаётган ушбу овоз аввалги аудиоёзувлардаги овози билан бир хил экани «Озодлик» томонидан таъкидланган. Аудиода овоз эгасига Шуҳрат Мадаминович деб мурожаат қилинади. Хусусан, хабарда шундай дейилган:
«Аудиода Шуҳрат Ғаниев газ таъминоти ва унга тўловлар ҳақида гапира туриб, ноябр ойининг охирги кунларида Қувада газ йўқлигидан автомобил йўлини тўсган одамларни видеога олган шахснинг «жанозаси» нега ўқилмаганини туман ҳокими Равшан Қурбоновдан сўрайди:
— Мана кеча, Қувада, қарзни тўлаб қўйишни ўрнига нима бўляпти, Қувада? Ким экан ўша, телефонда гапирган, ўша кўчага чиқволиб мошиналар ўтяпти мана ҳозир... А, оооов туман ҳокими?
Қува тумани ҳокими: — Саломалейкум.
Шуҳрат Ғаниев: — Саломалейкум. Қани ўша?
Қува тумани ҳокими: — Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш....
Шуҳрат Ғаниев: — Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?
Қува тумани ҳокими: — Чорасини кўрдик...
Шуҳрат Ғаниев: — Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни.
Қува тумани ҳокими: — Тушунарли...
Шуҳрат Ғаниев: — Нима деганинг у тушунарли.
Қува тумани ҳокими: — Мана режа туздик ҳозир бошланди...
Шуҳрат Ғаниев: — Катта холангникига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом».
Озодлик томонидан вилоят ҳокимининг матбуот хизмати бошлиғи Муҳаммаджон Обидовнинг Telegram каналига мурожаат қилинган. Муҳаммаджон Обидовнинг жавоби қуйидагича бўлди:
«Биринчидан, аудио езув монтаж қилинганга ўхшайди. Сўзлар аниқ эмас. Узуқ-юлуқ бир-бирига улангани шундоқ билиниб турибди. Бундай ёзув ишончга сазовор эмас.
Иккинчидан, ҳосил байрамидан хеч ким маҳрум қилинган эмас. Вилоятнинг барча туманлари, жумладан қуваликлар хам иштирок этганлар.
Учинчидан, бу аслида кимнинг овози, бу ҳам мунозарали.
Тўртинчидан, ҳатто бу етказувчининг манфаати йўлида қайта монтаж қилинган ёзув бўлсада, у ички, тор доирада ўтган йиғилишдаги ҳокимлик тизими ходимларига нисбатан айтилган бўлиши керак.
Ва ниҳоят, Озодлик воқеадан 15 кун ўтгач Фарғона вилояти ҳокимига нисбатан адоватли туҳмат халтасини қоқиштиришидан мақсади не, бизнингча бошқа мавзу тополмаганидан деб ҳисоблаймиз».
Шу билан бирга Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу айблов бўйича расмий жавоб билан чиқиш қилди. Унга кўра, «Озодлик» томонидан пранкерлар (овоз ўхшатувчилар) иштирокида Шуҳрат Ғаниевга туҳмат уюштирилгани айтилади.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг БАЁНОТИ
«Озодлик» тарқатган «Фарғона ҳокими блогернинг «жанозасини ўқиш»ни буюрди» сарлавҳали мақоласи юзасидан қуйидагиларни билдирамиз.
«Озодлик» Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан навбатдаги туҳматини эълон қилган. 2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Ш.Ғаниев томонидан айтилмаган. Ш.Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган.
Аудио ёзув ўхшатма овознинг қўпол монтажидан бошқа нарса эмас.
Ҳурматли интернет фойдаланувчилари, ҳамкасб журналистлар, блогерлар! «Озодлик»нинг ўйинига учманг, унинг туҳматларига ишонманг. Агар «Озодлик»да бундай ҳақиқий овоз бўлганида эди, у ўзи иддао қилишича 2 декабрдан буён уни ушлаб турмас эди.
«Озодлик»нинг куни энди пранкер (овоз ўхшатувчи)ларга қолган кўринади».
Юртимизда дам олиш кунлари бўлиб тургани боис ҳозирча ушбу ҳолат бўйича бошқа тегишли идоралар томонидан муносабат билдирилгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев сентябр ойида рўмол билан боғлиқ гаплари боис жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинган эди. Ўшанда ҳоким қилмишини тан олган ва «Президентдан ва сенаторлардан ўтиниб кечирим сўраган» эди.
Шундан сўнг ҳам Фарғона вилоят ҳокими селектор йиғилишида соқолли тадбиркорни мажлисдан ҳайдаб чиқаргани ва мулозим «ўртоқ Қобулов»га тадбиркорнинг соч-соқолини «ялтиллатиб олдириш» бўйича топшириқ бергани билан тилга тушди. Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов эса овоз эгаси Ш. Ғаниев эканини инкор этмаган, бироқ ҳолатни таҳқир эмас, шунча «танбеҳ» сифатида талқин қилишни сўраганди.
Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Ғаниев Қозоғистондаги фожеада бир автобус юртдошларимиз ёниб кетгач, бутун мамлакат карахт бўлиб турганда катта йиғлиш ўтказиб, тошлоқликларни сидирғасига «хароми!» деб сўккани ортидан кенг жамоатчиликка танилган эди.
Жорий йилнинг 30 сентябрида Шуҳрат Ғаниевнинг рўмол борасидаги гапи Олий Мажлис Сенатида муҳокама қилинди ва у «қаттиқ огоҳлантирилиб», уч ойлик синов муддати берилди. Ушбу муддат якунига етишига яна 15 кун вақт бор.
Xabar.uz таҳририяти ушбу ҳолат юзасидан тегишли идоралардан муносабат кутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter