Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонадаги воқеа юзасидан расмий баёнот берди

ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонадаги воқеа юзасидан расмий баёнот берди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Интернетда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир йигитни калтаклагани видеоси тарқалди.

ДХХ Чегара қўшинлари мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди. 

Қайд этилишича, 10 ноябрь куни соат тахминан 17:00лар атрофида Фарғона туманининг Ҳосилот чегараолди аҳоли пунктида, видеолавҳада кўрсатилган кўприк ёнида чегара наряди хизмат олиб борган. Хизматнинг вазифаси чегараолди ҳудудида, хусусан, кўрсатилган ҳудудда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини текшириш бўлган.

Шу вақтда фуқаролар У.С. ва А.Ф. ушбу ҳудудда «Нексия-2» русумли автомобилда ҳаракатланган. Улар наряднинг тўхташ ҳақидаги буйруғи талабларига эътибор бермай, чегараолди нарядига қараб ҳаракатланиш манёвридан фойдаланган ҳолда, юқори тезликда яширинишган.

Орадан маълум вақт ўтгач, ушбу фуқаролар ортга қайтиб, чегарачилар ёнида тўхташган ва можаро келтириб чиқаришга уринишган, чегара нарядини ҳақорат қилишган ҳамда тўпланган маҳаллий аҳолини ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига эътибор бермасликка чақиришган. Шу тариқа, улар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 196-1-моддаси (Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишган.

Шундан сўнг, фуқаролар У.С. ва А.Ф. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддаси талабларига мувофиқ жисмоний куч ишлатган ҳолда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқ бўлган. Натижада улар белгиланган тартибда расмийлаштириш учун ички ишлар органларига топширилган.

Қайд этилишича, фуқаро У.С. бундан олдин бир неча бор давлат чегараси режимини бузганлиги ва у орқали турли хил товар-моддий буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура ходимлари билан биргаликда ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви олиб бормоқда. 

Қайд этилишича, чегара наряди ва фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг