ДХХ Афғонистонда етимликда қолиб кетган болаларни Ўзбекистонга қайтарди
Давлат хавфсизлик хизмати Покистон ва Афғонистонда ҳалок бўлган экстремистик ғоя таъсиридаги оиланинг етим қолган болаларини Ўзбекистонга қайтарди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Андижонда 1982 йил туғилган Фарҳод Ҳамроқулов ишлаш учун Россия Федерациясига кетади. Кейинроқ у турмуш ўртоғи Раъно Ҳамроқулова (1984 й.т.) ва 3 нафар фарзандини ўз олдига чақириб олади. Россияда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган Фарҳод Ҳамроқулов оиласини олиб, Озарбойжон ва Эрон орқали Покистонга боради ва «Туркистон ислом ҳаракати»га қўшилади.
2012 йилнинг август ойида Фарҳод Ҳамроқулов Покистон ҳукумати қўшинларининг террорчиларга қарши ўтказган ҳарбий амалиёти натижасида ҳалок бўлади.
Унинг ўлимидан сўнг 3 нафар фарзанди билан бева қолган Раъно Ҳамроқулова 2013 йилда бошқа бир жангари билан никоҳ қуради. 2014 йилнинг кузларида улар Афғонистонга кўчиб ўтишади ва қизи Райёна туғилади. Аммо, 2018 йил Раъно Ҳамроқулова саргардонликда орттирган оғир хасталикдан вафот этади.
2018 йилнинг август ойида ДХХ ота-онасиз қолган болаларнинг 2 нафари — Осиёхон (2009 й.т) ва Райёналар (2014 й.т) Ўзбекистонга олиб келиб, бобоси ва бувиси қарамоғига топширган.
Май ойида Раъно Ҳамроқулованинг онаси қолган икки нафар набирасини ҳам қайтариш борасида ДХХдан ёрдам сўраган. Куни кеча Бибиойша (2003 й.т) ва Шерзодбеклар (2005 й.т) ҳам яқин қариндошлари бағрига қайтарилди.
«Энди бу болалар мамлакатимизда яшаётган тенгқурлари қатори замонавий мактабларда таълим олиб, келажакда ватан корига ярайдиган шахслар бўлиб улғаядилар», – дейилади хабарда.
30 май куни Ўзбекистоннинг 156 нафар фуқароси, асосан аёллар ва болалар Суриядан Тошкент шаҳрига олиб келинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter