Деновда ИИБ ходимлари фуқарони мажбурий олиб кетганига изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда «Денов шаҳри начальник милицияни устидан ёзгани учун олиб кетилгани айтилмоқда» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди. Сурхондарё вилояти ИИБ ҳолат бўйича маълумот берди.
Унга кўра, Денов шаҳар «Ўзбекистон» кўчасида яшовчи фуқаро И.А. 2019 йилнинг ноябрь ойида ўзига тегишли бўлмаган «Намуна» маҳалласида жойлашган 4 сотих ер майдонини алдов йўли билан фуқаро А.А.га 45.000.000 сўмга сотиб, пулларини ўзлаштириб, сўнгра ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ушбу ер майдонини 2020 йилнинг июнь ойида фуқаро В.Х.га ҳам 49.000.000 сўмга сотган.
Ушбу ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида кўрсатилган фирибгарлик жиноятни қасддан содир этиш аломатлари юзасидан, И.А.га нисбатан Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган.
«Гумон қилинувчи И.А. бир неча маротаба расмий равишда терговга чақиртирилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортганлиги сабабли, вилоят ИИБ Тергов бошқармасининг жорий йил 24 декабрдаги «Мажбурий келтириш» қарорига асосан, гумонланувчи И.А. Денов тумани ички ишлар органлари ходимлари томонидан мажбурий тартибда терговга олиб келиниши таъминланган.
Видеоёзувда айнан шу ҳолат тасвирланган.
Шунингдек, ҳозирда, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида даъватлар қилган ҳамда ходимларни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатларни амалга оширган фуқароларни аниқлаш ва қонуний чора кўриш ишлари амалга оширилмоқда», дейилади ИИБ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter