Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cандиқда ўғирланган генерал

Cандиқда ўғирланган генерал

1981 йилнинг 17 декабрида Италиянинг Верона шаҳрида фавқулодда воқеа юз берди. Соат 17:30 да Жеймс Доузер яшайдиган хонадонга водопроводчи кўринишидаги икки эркак кириб келди. Улар остона ҳатлаб ўтгач, генералга ташланишди ва уни ҳушидан кетгунча дўппослашди. Доузер хонимни эса оғзига латта тиқиб, ювиниш хонасида боғлаб ташлашди. Шундан сўнг генерални сандиққа жойлаб, мовийранг «Фиат» машинасига ортдилар ва номаълум томонга ғойиб бўлдилар.

Сувни текширишга келиб...

Агар сиз Иккинчи жаҳон урушидан сўнг махфий операцияларга эҳтиёж барҳам топган десангиз, адашасиз. Бу борада энг асосий эътибор Жеймс Доузерни қидириш ва уни қутқариш билан боғлиқ шов-шувли амалиётга қаратилди. Хўш, Доузер ким?

Доузер Америка ҳарбий арбоби, генерал-майор, НАТОнинг Европадаги жанубий қўмондонлик штаби бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишларди. Бригада генералини қутқариш операциясини Америка Қўшма Штатлари махсус хизмати Италияда олиб борди.

«Қизил бригада» террорчилари ташкиллаштирган мазкур ўғрилик операцияси Вашинтонни карахт қилиб қўйди. Президент кўрсатмасига кўра, ФҚБ, давлат департаменти ва мудофаа вазирлиги вакиллари шошилинч кенгашга йиғилдилар. Бироқ кучли баҳс ва муноазараларга қарамай, Доузерни қутқариш операциясини ташкил этиш ва бошқариш борасида томонлар якдил фикрга кела олмади.

«Қизил бригада» ваҳима солган эди

Вақт эса ўтиб борарди. Шу боис АҚШ армияси разведка ва хавфсизлик бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Алберт Стабблбайннинг таклифи осонгина қабул қилинди. Шундан сўнг томонлар енгил нафас олиб, бу таклифни нажотбахш ҳисобладилар.

Эртаси куни Италияда ўтказиладиган махфий операция юқори босқич томонидан расмий равишда маъқуллангач, уни олиб бориш Стабблбайн зиммасига юклатилди. Операция эса «Қишки ҳосил» деб номланди.

Ушбу разведка бошлиғи қўл остидагилари орасида экстрасенсларнинг мистик тажрибалари ёки замонавий электроника мўъжизалари билан боғлиқ ғайритабиий ҳодисаларга иштиёқи ниҳоятда баландлиги билан шуҳрат қозонган эди. Стабблбайн, ҳатто экстрасенслар таъсири остида Монро институти билан миллион долларлик шартнома тузгани ҳам аён. Бунга кўра, инсон миясига «глобал энергетик синхронизация» тизими орқали таъсир кўрсатиш услубларини вақт маконида жорий этиш устида тадқиқот олиб бориларди. У мазкур иши учун Афсунгар деган лақаб олган, бу номи билан ич-ичидан фахрланар эди.

Экстрасенсларга мурожаат

«Қишки ҳосил» операциясини амалга ошириш учун дастлаб ўғирланган генералнинг қаерда эканлигини аниқлаш зарур эди. Ваҳоланки, Доузер қачонлардир ўзининг қаердалигидан хабар қилувчи шахсий электрон қурилмани рад этган экан. Италия махсус хизматларининг «Қизил бригада» базаларини текшириши наф бермади. Агентура фаолияти учун кўп вақт талаб қилинарди, бунга эса фурсат йўқ. Шу сабабли Стабблбайннинг асосий умиди экстрасенсларга қаратилди.

Бу вақтга келиб АҚШда одамларнинг экстрасенслик иқтидори борасидаги тадқиқот ишлари амалда қўлланила бошланган эди. Генерал «Менкайнд ресерч» фирмасига мурожаат қилди. Мазкур фирма амалий вазифалар юзасидан мажмуавий қарор чиқарувчи бир-бирига яқин фанларнинг йирик мутахассислари ва олимларини йиққан эди. Хусусан, фирма психотрон уруш тарзига баҳо берар, шунингдек, биоэнергетика имкониятларини қўллаган ҳолда инсонни назорат қилиш ҳамда бошқариш устида иш олиб борарди.

Стабблбайн иккинчи бўлиб мурожаат қилган ташкилот муайян далиллар асосида бир ҳодисанинг қандай бўлиши, қай тарзда кечиши ва оқибатини олдиндан айтиб берадиган Марказий прогнозлар бюроси бўлди. Ушбу бюрони ташкил этиш 1968 йилга бориб тақалади. Ўшанда бир гуруҳ ташаббускорлар «Ню-Йорк таймс» ўқувчиларига мурожаат қилиб, келгуси йили нималар рўй беришини айтишларини сўраган эдилар. Минглаб жавоблар келди ва орадан бир йил ўтиб, фақат ҳақиқатда юз берган «башорат»лар саралаб олинди. Уларнинг муаллифлари тестдан ўтказилди. Кейинги босқичда эса синчков текширув олиб борилиб, бўлғуси ҳодисалар ҳақида фақат аниқ ишончли маълумот айтган кишилар танланди. Бу одамлар космик кемаларнинг омадсиз старт олиши, шунингдек, сенатор Кеннедига суиқасд уюштирилишини баён этдилар.

Хаёлий... кўриш

«Қишки ҳосил» операцияси бошланган куннинг эртасига Стабблбайн расмий сўровига кўра, Пентагонга «Менкайнд ресерч» юборган сенситивлар (махсус мутахассислар) ташриф буюришди. Марказий прогнозлар бюросида уларга Италиядаги фавқулодда ҳолат юзасидан 200 та савол берилди. Синовдан ўтказилаётганларга оддий фуқаро кийимидаги Доузернинг сурати кўрсатилди, махсус хизматлар нима сабабдан у билан қизиқаётгани эса айтилмади.

Экстрасенслар уларга қарши турди

Сенситивларнинг барчаси генералнинг тириклигига ишонтирди, бироқ кейин нима бўлишини баён эта олмадилар. Дарвоқе, уларнинг беш нафари Дроузернинг уйидаги ванна тагига думалаб кириб кетган бекага тегишли зирак ҳақида хабар қилдилар. Италия полицияси бу маълумотни текшириб кўрди ва ҳақиқатан зиракни топди.

Гери фамилияли сенситив ўғирланган генерал яширилган уйни «кўраётгани»ни айтди. Бу масканнинг ташқи томонини баён қилди, аммо уйнинг ўзи қаерда жойлашганини аниқлай олмади.

Стабблбайн «олдиндан кўра оладиган» фақат беш нафар мутахассисни қолдирди. Уларни алоҳида хоналарга жойлаштириб, Доузерни хаёлан топишга уриниб кўриш ҳақида топшириқ берди. Ташқи дунёдан ажратилган бу экстрасенслар Италия шаҳарлари ва сайёҳлик мажмуалари акс этган фотосуратлардан иборат альбом билан таъминланди. Рождество арафасида Гери ўғирланган одам қишлоқ жойига олиш кетилгани, «қўйлар боқиладиган оғилда, пичан устида» ушлаб турилгани ҳақида хабар қилди.

Шундан сўнг парапсихологлардан иборат мутахассислар махсус кенгашга чақирилди. Руҳий номувофиқлик ва бир-бирига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун сенситивлар алоҳида-алоҳида ишлаётган эдилар. Хўш, улар бирлаштирилса яхши эмасми? Далиллар келтириш ва инкор қилишга доир баҳс-мунозаралар бошланиб кетди. Экстрасенсларни алоҳида қилиш ҳақида ҳам гап-сўз бўлди. Стабблбайн барибир ўз фикрида туриб олди.

Илк жамоавий сеанслардан яхши натижаларга эришилди. Гери оғилни «кўрсатганида» сенситивлардан бири унинг ёнида кичкина уйчани «кўрди». Учинчи экстрасенс уйча тош билан ўралганини айтди. Тўртинчи мутахассис яқинроқдаги икки йўл кесишган жойга «назар солди». Уларнинг тавсифига кўра, рассом ўша жойнинг манзарасини чизиб берди. Мазкур расм Италия махсус хизматига факс орқали юборилди.

Уй топилди, аммо...

Январь ойи ўрталарида италияликлар ушбу расмдаги тасвирга жуда ўхшаш уйни топдилар. Ярим тунда калта стволли милтиқ билан қуролланган аскарлар ушбу объектни ўраб олишди. Бироқ ҳужумдан сўнг бу уйда оддий деҳқон оиласи яшаши аён бўлди. Италия полицияси қўрғон хўжайинини яширинча назоратга олди. Уйда ҳақиқатан оғил бор, унинг расмини Герига кўрсатишганида сеанс вақтида хаёлан кўрган тасвирдан сира фарқ қилмаслигини айтди. Энди эса яна бир вазифа қолган эди – экстрасенс хато қилганми ёки террорчилар тутқунни бошқа жойга ўтказишга улгуришганми?

Гуруҳдаги беш нафар сенситивни махсус хизмат «кўланка»лари билан биргаликда Италияга сафарбар қилишди. Уларнинг вазифаси олдингидек қолди. Яна бир тезкор гуруҳ эса электрон разведка ёрдамида шубҳали уйларни аниқлаб берди ва аскарлар шу асосда 17 нафар террорчини қўлга олишди.

1982 йил 25 январь – душанба куни сенстивлар Доузернинг Падуя шаҳри чекка ҳудудидаги уйлардан бирида сақланаётганини хабар қилишди. Италия полицияси бу уйни бир суткадаёқ топди. Экстрасенсларни навбати билан объект ёнидан олиб ўтаётганларида улар тутқун айнан шу ерда, уч хонали уйда эканлигини ишонч билан таъкидладилар. Бироқ қайси қаватда эканлиги борасида турли фикрлар билдирилди. Шу боис қўшимча ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи бўлмади. Қайси уй ва унда нечта террорчи борлиги ҳақида тасаввурга эга бўлмай туриб босқин уюштириш ўта таваккал ва хатарли иш эди, албатта.

Тезкор таъсир кўрсатиш гуруҳи бунинг йўлини топди. Биринчидан, «Қизил бригада»нинг яширин ташкилот аъзолари ва ўз фаолиятини сир тутишига қарамай, барча телефон қўнғироқларини эшита бошлашди, аммо бу борада натижага ишонилмади. Иккинчидан, экстрасенслар ҳар бир уйдаги электр ҳисоблагич кўрсаткичларини текширишни таклиф қилишди.

Уйда электрплиталардан фойдаланилади, агар бегоналар турган бўлса, буни электр қуввати сарфига қараб аниқлаш мумкин. Истиқомат қилувчиларда шубҳа туғдирмаслик учун шаҳар маъмурияти тўлов тўғрилигини текширишга киришди, назоратчи уйларни айланиб чиқди. Иккинчи қаватдаги уйлардан бирининг электр қуввати сарфи декабрь ойидагидан кўп эканлиги маълум бўлди. Демак, ўғирланган генерал мана шу уйда фақат битта соқчи қўриқчилигида сақланмоқда.

Капалаги учган тутқун

28 январга ўтар кечаси қора қайишқоқ коржома кийган 10 нафар йигит уйга овоз чиқармай ёпирилиб кирди. Эшикни синчиклаб ўрганиш иккинчи қаватда ҳеч қандай алоҳида зулфин ёки сигналлар берадиган қурилма қўйилмаганини кўрсатди. Қулф ва ҳалқаларга махсус аралашма қуйилди. Махсус гуруҳ йигитлари ҳаракатни бўшаштирмай очқичлар билан ишлашди ва уйга муваффақиятли кириб олишди.

Генерал Доузерни фонуснинг кўзни қамаштирувчи нурлари уйғотиб юборди. У қўрқиб кетиб, ўрнидан туриб қочмоқчи бўлди, бироқ каравотга занжирлаб қўйилгани боис яна жойига михланди.

– Сиз Жеймс Доузермисиз? – деб сўради кимдир қоронғиликдан.

– Ҳа, ҳа, – эсанкираб бош ирғади тутқун.

Хонада чироқ ёқилди ва генерал ғалати кийинган бақувват йигитлар соқчининг таъзирини берганини кўрди. Ярим оқшомгача ўғли билан шаробхўрлик қилган хўжайин деярли қаршилик кўрсатмасди.

– Кийининг, генерал. Сизни Римда интизор бўлиб кутишмоқда, – шундай деб махсус хизмат йигитларидан бири кийим-кечаклар солинган жомадончани унга узатди.

– Сизларга қандай миннатдорлик билдиришни билмаяпман, – деди Доузер.

– Бизга эмас, экстрасенсларга раҳмат айтинг.

Римга кетиш йўлида генералга уни озод қилишнинг ғаройиб тарихи ҳақида сўзлаб бердилар.

Ниҳоят генерал қутқарилди...

Генерал-майор Алберт Стабблбайн иккита муваффақиятга эришгани – »Қишки ҳосил» операциясини қойилмақом якунлагани ва экстрасенсларнинг мақомини бир даражага кўтарганидан мамнун эди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг