Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги мудҳиш ЙТҲда бир киши ҳалок бўлди

Бухородаги мудҳиш ЙТҲда бир киши ҳалок бўлди

Бухородаги халқаро аҳамиятга эга йўлда ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, бошқа бир ҳайдовчининг вафот этишига сабаб бўлди. Унга суд ҳукми ўқилди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га жиноят ишлари бўйича Когон туман суди раиси Қосим Холов маълум қилди.

Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида туғилган 34 ёшли Й.Т. ўз бошқарувида бўлган юк машинаси ва унга уланган тиркамани  Бухоро тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 сонли йўлдан «Бухоро-Газли» йўналишида бошқариб борган. У ушбу йўлнинг 234-километрига етганида, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган. Йўл ҳаракати қоидалари талабларини бузиб, бошқарувни йўқотган. Ўзига қарама-қарши йўналишга чиқиб, ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро бошқарувида бўлган «Matiz» русумли  автомашина билан тўқнашиб кетган. Йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва унинг оқибатида «Matiz» ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

«Иш Жиноят ишлари бўйича Когон туман судида кўриб чиқилди. Ўрганувларга кўра, Й.Т. ўз қонунбузарлиги билан «Matiz» автомашинасига ўттиз бир миллион олти юз олти минг уч  юз эллик сўм миқдорида моддий зарар етказган. Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди»,-деди суд раиси.

Бундан ташқари, Й.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)  қўлланилган ҳамда 45-моддасига (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) асосан,  1 йилу 6 ой муддатда барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг