Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ёғ ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди

Бухорода ёғ ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманилик 26 ёшли фуқарога 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди судьяси Бобораҳим Очилов.

«Ғиждувон туманида тадбиркорлар жуда кўпчиликни ташкил этгани боисми, улар орасида яширин равишда сифатсиз ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар тез-тез кўзга ташланмоқда. Инсон организмига путур ва унинг саломатлигига зиён етказадиган сифатсиз ёғ ишлаб чиқарувчиларга нисбатан кескин жазо чоралари қўлланилади»,-деди судья.

Ҳолатга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департамент вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Ғиждувон туманида яширин цехлар фаолиятини аниқлаш юзасидан тадбир ўтказилган. Унда «Сармижон» маҳалла фуқаролар йиғини, «Лабирўт» қишлоғи фуқароси О.Т.нинг ўз уйи ёрдамчи хўжалик хонасида ўзбошимчалик билан қўлбола усулда пахта ёғи ишлаб чиқарадиган мойжувоз ускунасини ўрнатгани аниқланган.

Анчадан бери чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган О.Т.нинг хонадонидан 37 кг. пахта ёғи маҳсулотлари, 20 кг чигит маҳсулотлари, 35 кг кунжара, 1 дона электромотор, 1 дона валь ва 1 дона редуктор каби қисмлардан ташкил топган мойжувоз ускунаси топилган. Ҳолат ўрганилганда, қўлбола аппаратнинг носозлиги, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган ёғларнинг ҳам сифатсиз, инсон саломатлигига путур етказиши, шунингдек, техник жиҳозлар носозлиги ва ишлаб чиқарилган ёғларнинг яроқсизлиги аниқланган.

О.Т. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1862-моддасининг 1-қисми билан айбли, деб топилган ва унга нисбатан шу модда билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг