Бухорода фуқаро қайнукасини пичоқлаб қўйди
Бухоро вилояти, Вобкент туманида яшовчи фуқаро спиртли ичимликлар истеъмол қилиши оқибатида қайнукасини пичоқлаб, унга оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов хабар берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 5 январь куни соат 22:00 ларда Вобкент тумани «Қурувчи» маҳалласида яшовчи 35 ёшли П.А. 24 ёшли қайнукасини ўз хонадонига меҳмонга чақирган.
Ҳаддан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилган П.А. қайнукаси билан оиладаги айрим низолар ҳақида гаплаша туриб, у билан тортишиб қолган. Тортишув қаттиқ жанжалга айланган. П.А. жанжал вақтида дастурхон устида бўлган ошхона пичоғи билан қайнукасининг чап елка қисмига зарб билан қасддан бир марта урган. Оқибатда С.М.га ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Вобкент туман ички ишлар бўлими томонидан П.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter