Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу провокация. Пул бераман, деб қанча одамни йиғиш мумкинлигини кимлардир текшириб кўрди» — Алишер Қодиров

«Бу провокация. Пул бераман, деб қанча одамни йиғиш мумкинлигини кимлардир текшириб кўрди» — Алишер Қодиров

Бугун ижтимоий тармоқларда Амир Темур ҳиёбонида кўплаб фуқаролар тўпланганлиги акс этган, атрофда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари югуриб юрган ҳолат акс этган видеолар тарқалди.

Нима бўлганди ўзи?

ИИББ маълумотига кўра, жорий йилнинг 13 июль куни тахминан соат 22.30 ларда Тошкент шаҳрига Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида «Субо» номи билан танилган блогер – 1999 йилда туғилган Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад ўғли ташриф буюрган. Бундан олдинроқ у ўзининг саҳифасида тез орада Тошкентда бўлишини ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган. Пойтахтимизнинг Амир Темур ҳиёбонида Мамедов С.ни кутиб олиш учун 150-200 га яқин фуқаролар йиғилган.

Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган. Блогер Мамедов С. билан профилактик суҳбат ўтказилган.

«Бу провокация»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров бу ҳолатни «провакация» деб атади.

«Бу провокация. Пул бераман, деб қанча одамни йиғиш мумкинлигини кимлардир текшириб кўрди.

Пул учун давлати, ғурури ва шарафидан билиб ё билмай кечадиганларни тахминан қанча эканлигини биз ҳам билиб олдик…

Бундай «ўйинчоқлар» аввал ҳам бўлган, бугун ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади.

Хулоса қилиш керак!

Тарбия ва таълим тизими ақли расо ва тафаккури тирик янги авлодни тайёрлаб бермас экан, тараққиётимизга таҳдидлар ўзимиздан чиқаверади!» деди «Миллий тикланиш» ДП МК раиси.

«Шаҳар бедарвоза эмас»

Комил Алламжонов эса қонун маҳаллий блогерга ҳам, хорижий блогерга ҳам баробар бўлиши кераклигини айтди.

«Куни кеча Амир Темур хиёбонида россиялик блогер Субхан Мамедов ўз обуначилари билан кўришиб, уларга пул тарқатишини эьлон қилган. Натижада карантин чекловлари мавжудлигига қарамасдан минглаб одам тўпланиб, тартибсизликлар юзага келган. У билан профилактик суҳбат эмас, балки унга нисбатан ёлғон маълумот тарқатиб, жамоат тартиби ва соғлигига ҳавф туғдиргани, йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Қонун маҳаллий блогерга ҳам, хорижий блогерга ҳам баробар бўлиши керак. Тартиббузарларни бундай эҳтиром ила яна кузатиб қўяверсак, эртага ўзимизга қийин бўлади», деб ёзди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг