Болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячи ишдан олинди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги хусусий боғчада тарбиячи болаларни оёқ кийим билан ураётгани акс этган видео тарқалди.
Вилоят ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, 18 июль куни Янгийўл тумани «Ибрат» МФЙда жойлашган «Оминахон» номли нодавлат оилавий МТТда тарбиячи бўлиб ишловчи аёл Ҳ.А. (2002 йилда туғилган) шу боғчадаги икки нафар (5-6 ёшли) ўғил болалар ўзаро талашиб, машғулотга ҳалал бергани учун уларни уришиб, уй оёқ кийими билан урган.
Жараён воқеага гувоҳ бўлган шахс томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган.
Ҳолат юзасидан ИИБ томонидан тарбиячи ва бошқа масъуллар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, болаларни суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун йўлланма берилган. Экспертиза хулосаси ва ўтказилаётган терговга қадар текширув натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ўрганиш давомида тарбиячи тегишли тартибда ишдан бўшатилиб, тадбиркор огоҳлантирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter