Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Селфизация»

«Селфизация»

Фото: «MedikForum»

Эшитдингизми, замонимизда янги «касаллик» тарқалган эмиш. Шунча дард етмаганидек, ўлганни устига чипқон бўлиб, бу «юқумли касаллик» ҳар қадамда тинчимизни ўғирлаяпти. Кўринишидан беозоргина-ю, аммо бир киши касалландими, ёнидан лип этиб ўтганни ҳам ўз домига тортмай қўймас экан. Ҳар балога ақли етадиган олимларнинг айтишича, бу дарднинг давоси бор экан-у, лекин ҳеч ким даволанишни истамасмиш. Қайтага унга, э-ҳе, қанча одам қизиқиб қолди.

Нима экан бу дард дейсизми? Айтишга айтаман-у, фақат илтимос, эшитгач, ўрнак олмасликка ваъда беринг. Шуларни ёзаяпман, очиғи, бу дарддан ўзим ҳам холи эмасман. Ҳа, дўстлар, бу касаллик мени ҳам «чертиб» ўтди. Бу дом-дараксиз йўқолгурнинг номи «ўзимни ўзим суратга оламан» эмиш. Замонавий тилда уни «селфизация» ҳам дейишади. У қандай дейсизми? Ҳалиги «тринг-тринг» қиладиган матоҳимизнинг суратга олиш жойини ёқамиз-да, сўнг шақиллатиб ўзимизни ўзимиз суратга олиб ўтираверамиз. Зарилми бошқаларни безовта қили-и-иб!

Бир дугонамнинг дугонасининг айтишича, у кунига роппа-роса 100 марта ўзини суратга олар экан. Вой, бу сувчечакка ўхшамай қолгурнинг ҳунарини қаранг-а! Одамнинг дод дегиси келади. Қани эди бу сувчечакни кўричакдек олиб ташласангиз. Тунов куни кўчада кетаётсам, қарама-қарши томондан келаётган икки қиз ўз-ўзини суратга олишга чунонам берилибдики, бир-бирига урилиб кетса бўладими! Тасаввур қиляпсизми, соч турмаги лампашишага ўхшайдиган қизнинг қўли иккинчи қизнинг тумшуғига шундай тегдики, кўзидан ўт, тилидан дўқ отилиб чиқди. Бу ҳам камдек «ижодкор»лар томонидан ғаройиб бир таёқча ясалди. Нима эмиш, ҳалиги матоҳингизни таёқчанинг учига маҳкамлаб қўясиз-да, тамом, суратга тушаверасиз.

Яқинда бир амакидан эшитиб қолдим, кетаётса орқасида иккита қиз таёғини кўтариб қолибди. Қуш пир этса, юраги шир этадиган амаки мени уришмоқчи деб ўйлаб ортига қараса, қизлар, ҳайронмиш. Сал қолибди бечора амакининг йиқилиб қолишига. Эҳ, бу таёқчани ишлаб чиқарганларга минг раҳмат. Яқинда эшитдим, қўл калталик қилган жойларда унинг хизмати катта эмиш. Масалан, Гулкоса деган маҳалладошим йўлда кетаётса, бир безори ҳужум қилибди. Қўлидаги шу таёқча билан чунонам дўппослабдики... Ё бўлмаса, шу маҳалладошимнинг бир спортчи таниши айрим жисмоний машқларни бажаришда ундан фойдаланаётганмиш! Буни қаранг, бу қурмағурни суратга олишдан кўра муҳимро-о-оқ ишларга жалб қилса бўларкан-а!

Ана сизга сивилизация-ю, мана сизга «селфизация»!

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг