Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев оғриқли муаммога ечимни кўрсатди

Шавкат Мирзиёев оғриқли муаммога ечимни кўрсатди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.

– Мен сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман.

Бугунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик.

Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ.

Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.

Ҳақиқатдан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.

Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда.

Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади.

Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади.

Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз.

Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар.

Шу боис, Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.

Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.

Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди.

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг  жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади.

Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Мен ўйлайманки, бу янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига катта туртки беради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг