Хўрандалар 22,5 км.дан ишга пиёда қатнаётган официант қизга машина совға қилишди
Галвестон (Техас штати, АҚШ) шаҳридаги ошхона хўрандалари беш соат вақти йўлда ўтиб кетаётган официант қизга автомобиль совға қилишди, деб ёзмоқда «Lenta.ru».
Адрианна Эдвардс ҳар тонг уйдан чиқиб, ишга етиб олиш учун нақ 22,5 километрни яёв босиб ўтарди, кечқурун яна шу тахлит ортига қайтарди. Хуллас, беш соати йўлда ўтиб кетарди. Машина оламан деб пул йиғса-да, бошқа тўловлар ҳам бор, қолаверса, кийим-бош, еб-ичишдан орттира олмаётганди.
Одатдаги кунларнинг бирида у бир эркак ва аёл хўрандага хизмат кўрсатди. Булар официант қизнинг узоқ йўлдан қийналиб ишга келиб кетиши ҳақида тасодифан эшитиб қолишибди. Нонушта қилиб бўлиб, индамай чиқиб кетишди, бир-икки соатдан кейин эса сюрприз билан қайтиб келишди.
2011 йилда чиққан «Nissan Sentra»ни автодўкондан сотиб олишибди. Эдвардс аввалига бир ҳазилдир-да деган гумонга борди, аммо ҳалиги хўрандаларга қараб, уларнинг нияти жиддийлигини тушунди.
Мана энди Адрианна ҳам машинали — ярим соатда ишга етиб келади. Хўрандаларнинг саховати баҳона энди коллежда ўқишни ҳам тезлатмоқчи.
Бечора қиз ҳалигача бахтига ишонмайди, машина жойида турибдими-йўқми, деб ҳар икки соатда деразадан қараб келади.
Саховатли инсонлар кимликларини айтишмабди. Фақат имконияти туғилса, ўзиям кимгадир яхшилик қилишини сўрашибди, холос.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter